Fuchsia операцион тизимини ниҳоят компьютерда ишлатиб кўрсатишди! («жонли» видео)

  •   DiMaX
  •  391
  •  04.06.2021 16:43

Fuchsia операцион тизимини ниҳоят компьютерда ишлатиб кўрсатишди! («жонли» видео)

Google компанияси турли қурилмаларда қўлланувчи Fuchsia операцион тизимини тайёрлаётгани анчадан бери маълум. Биз ундан олинган суратларни ва ҳатто видеосини ҳам эълон қилганмиз. Бундан ташқари, яқиндагина...

ЎҚИНГ: Google ўзининг Fuchsia операцион тизимли илк гаджетини рўйхатдан ўтказди

9to5Google ресурси журналистлари Fuchsia операцион тизимини Ubuntu Linux тизимли ноутбукда, эмулятор ёрдамида ишлатиб кўришди. У ҳали расмий релизидан аввал операцион тизимнинг имкониятлари билан танишиш имконини берувчи, олдиндан тайёрланган образ кўринишидадир.

Fuchsia’нинг мазкур жамланмаси бир вақтнинг ўзида браузерда кўплаб варақаларни очиш ва ҳатто унинг ўзини бир вақтда бир нечта ойналарда ишга тушириш имконини беради. Фойдаланувчи вақт ва сана, шунингдек дисплей ёрқинлиги созламаларини ўзгартириши, тизим параметрларини кўриши мумкин. Булардан ташқари, видеоролик муаллифлари тизимнинг ўзига киритилган айрим иловаларнинг ишга туширилишини кўрсатиб беришган.

Журналистларнинг сўзларига кўра, Fuchsia OS имкониятлари ҳозирча унчалик кенг эмас, аммо дастурчилар янги платформада ишловчи иловалар тайёрлашлари мумкин. Fuchsia OS ҳужжатларида таъкидланишича, у Dart дастурлаш тилини қўллаб-қувватлайди; мазкур тил эса илова яратиш учун Flutter фреймворкида қўлланади.

Тажрибага хулоса ясар эканлар, журналистлар Fuchsia OS компьютерларда ва мобил қурилмаларда асосий операцион тизим сифатида ишлашга ҳозирча тайёр эмаслигини таъкидлашган. Унинг ҳозирги ҳолати фақат ҳаваскорларга қизиқ бўлиши мумкин.

ЎҚИНГ: Apple буткул янги операцион тизими номини тасодифан эълон қилиб, сўнг яшириб қўйди!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.