Galaxy Note 9 билан бирга Samsung яна иккита махфий қурилма кўрсатмоқчи

  •   DiMaX
  •  714
  •  23.07.2018 09:49

Galaxy Note 9 билан бирга Samsung яна иккита махфий қурилма кўрсатмоқчи

Жанубий кореялик техногигантнинг тўққизинчи авлод фаблети шу йилнинг 9 августида тақдим этилишидан хабарингиз бор. Унинг турли хусусиятларидан ташқари, «жонли» суратлари ва ҳатто видеосигача эълон қилганмиз.

ЎҚИНГ: Хитойда "Galaxy Note 9" 100 доллардан сотувга чиқди!

Аммо шу кунги тақдимот маросимида компания яна камида иккита махфий гаджетини ҳам намойиш этмоқчи, демоқда хорижий нашрлар.

«Ақлли» соат

Инсайдерлар хабарларига кўра, Samsung шу куни янги моделдаги, Galaxy Watch деб номланувчи смарт-соатини ҳам тақдим этади. Ушбу девайс аллақачон АҚШ Алоқа комиссиясида сертификациядан ўтган. Унинг ҳужжатларида эса соатнинг схема тарзидаги тасвири кўрсатилган, шунингдек, айрим техник жиҳатлари баён қилинган.

Galaxy Watch «ақлли» соати диаметри 30,2 мм (1,19 дюйм) бўлган доирасимон экранга, узунлиги 51,2 миллиметр ва эни 43,4 миллиметр бўлган корпусга эга. Бу қурилма 4G, 2,4 ГГц диапазонидаги Wi-Fi ҳамда Bluetooth 4.2 тармоқларини қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, смарт-соат Tizen 4.0 операцион тизимида ишлаши ва унга бошиданоқ Bixby овозли ёрдамчиси ўрнатилиши айтилмоқда.

ЎҚИНГ: Galaxy Watch «ақлли» соатининг тақдимот ва савдога чиқиш вақти маълум бўлди

«Ақлли» колонка

Wall Street Journal нашри маълумотларига кўра, Samsung компанияси Bixby овозли ёрдамчисига эга смарт-колонка ҳам тайёрлаган. Жанубий кореялик техногигант уни ҳам Galaxy Note 9 тақдим этиладиган маросимда намойиш этади. Мазкур гаджет думалоқ шаклда, оёқчали, устида чироқчали бўлиши ҳақида гап-сўзлар юрибди.

Samsung бу девайсини сифатли акустикага, кенг имкониятларга эга ҳамда прошивкаси янгиланиши эвазига келажакда яна янги функцияларни ўзлаштирувчи премиум-акустика тизими сифатида илгари сурмоқчи. «Ақлли» колонканинг асосий ўзига хосликларидан бири шундаки, у фойдаланувчининг қаерда эканини пайқаб, овозни айнан ўша томонга йўналтирадиган бўлади.

Гап-сўзларга қараганда, Samsung бу маҳсулотини 300 доллардан сотишни режалаштирган. Бу эса Apple HomePod’дан 50 долларга, Google Home Max’дан эса 100 долларга арзон, деганидир.

ЎҚИНГ: Apple’ дан тахланадиган қиммат қулоқчин ва бошқа кўп янгиликлар

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!