Huawei биринчи бўлиб HarmonyOS 2.0 прошивкасини олувчи гаджетини эълон қилди

  •   DiMaX
  •  456
  •  28.09.2020 11:01

Huawei биринчи бўлиб HarmonyOS 2.0 прошивкасини олувчи гаджетини эълон қилди

HarmonyOS операцион тизими бултур тақдим этилган бўлса-да, Huawei ҳозирча унда ишловчи смартфонларни оммавий чиқара бошлагани йўқ. Хитойлик техногигант яқинда бўлиб ўтган HDC 2020 маросимида тизимнинг иккинчи – HarmonyOS 2.0 талқинини ҳам намойиш қилган.

ЎҚИНГ: Huawei ва BYD ҳамкорлигида Harmony OS тизимли илк автомобил ва янги смартфон чиқди

Компания куни кеча Hongmeng/HarmonyOS операцион тизимли Huawei Smart Screen ақлли телевизорларининг бир йиллигини нишонлади. Шу муносабат билан, IoT (буюмлар интернети) истеъмолчилар бўлими раҳбари Чжи Хао (Zhi Hao) айрим янгиликларни эълон қилди.

Жумладан, топ-менежер эълон қилишича, Huawei Smart Screen телевизорлари янги авлод – HarmonyOS 2.0 операцион тизимига янгиланувчи илк гаджетлар бўлади. Бундан ташқари, Huawei шу йилнинг охиригача турли кўнгил очиш сервислари бозори учун янги серияда смарт-телевизорларни тақдим этади.

Huawei Developer Conference 2020 тадбирида намойиш қилинган HarmonyOS 2.0 операцион тизим талқини яна планшет, смарт-соат ва бошқа қурилмаларда ҳам қўлланади. Мазкур рўйхатга Huawei смартфонлари шу йилнинг сўнгида қўшилади.

HarmonyOS (Хитой бозорида – Hongmeng OS) мобил версиясининг дастурчилар томонидан синов ишлари шу йилнинг декабрида бошланади. Кенг фойдаланувчилар оммаси эса уни 2021 йилнинг январь – февраль ойларида Huawei ҳамда Honor смартфонларида синаб кўришлари мумкин бўлади.

Шу тариқа, орадан бир неча ой ўтиб, 2021 йилнинг ўзида хитойлик техногигантнинг турли мобил қурилмалари бутунлай HarmonyOS тизимига ўтказила бошлайди.

ЎҚИНГ: Ўрта нархли ўнта энг зўр смартфон (AnTuTu рейтинги, 2020 йил август)