Huawei энди Samsung’га қақшатқич зарба бериш йўлини топди!

  •   DiMaX
  •  6942
  •  03.02.2020 09:16

Huawei энди Samsung’га қақшатқич зарба бериш йўлини топди!

Йилдан-йилга флагман смартфонлар такомиллашиб бориши билан бирга, уларнинг нархлари ҳам шунга яраша ҳар гал юқорироқ бўлиб келаётганини пайқагансиз-а? Хитойлик техногигант бу йил шу анъанага чек қўймоқчи.

ЎҚИНГ: Samsung энг қиммат флагмани нархини нақ учдан бир қисмига пасайтирди!

Сўнгги маълумотларга қараганда, Huawei P40 нафақат энг илғор, балки шу билан бирга энг арзон камерофонлардан бири бўлиши кутилмоқда. Инсайдерларнинг хабар беришларича, компания ушбу флагманининг бошланғич конфигурациядаги вариантини атиги 599 евро нархида бозорга чиқармоқчи. Таққослаш учун келтириб ўтсак: яқин кунларда тақдим этиладиган Xiaomi Mi 10 ҳам Европада тахминан шу нархда (Хитойнинг ўзида эса – деярли 500 доллардан) сотилади.

Айтиш керакки, хитойлик техногигантнинг олдинги авлод флагмани – Huawei P30 дастлаб 799 евродан, Huawei P30 Pro эса – 999 евродан сотила бошлаган. Янги смартфонни аввалгиларидан ҳам арзон чиқариш билан бу корпорация асосий рақиби – Samsung’га зарба беришни кўзлагани аниқ. Зеро, унинг Galaxy S20 флагманлар оиласидаги смартфонлар кишини лол қолдирадиган даражада юқори нархланиши айтилган.

Ҳозиргача тарқалган маълумотларга кўра, Huawei P40 компаниянинг ўз ишланмалари бўлган Kirin 990 процессори ва Balong 5000 5G-модемига ва уч модулли бош камерага эга. Huawei P40 Pro моделининг мобил платформаси ҳам шу бўлса-да, унинг камераси тўртталик ва 10 карра оптик зумга эга бўлиши айтилмоқда. Улар жорий йилнинг мартида тақдим этишлари керак; аммо Хитойдаги коронавирус эпидемияси туфайли намойиш кейинроққа сурилиши ҳам мумкин.

ЎҚИНГ: Huawei P40 Pro «жонли» суратларда