Икки йиллик Samsung смартфонларига ҳам Galaxy S20 имкониятлари қўшилди!

  •   DiMaX
  •  1731
  •  16.06.2020 17:04

Икки йиллик Samsung смартфонларига ҳам Galaxy S20 имкониятлари қўшилди!

Samsung компаниясининг 2018 йилги флагманлари – Galaxy S9, Galaxy S9+ ҳамда Galaxy Note 9 моделларига One UI 2 график қобиғи келиши борасида яқинда хушхабар эълон қилгандик. Ниҳоят, жанубий кореялик техногигант ўз ваъдасида турди ва уларга янги прошивка тарқата бошлади.

ЎҚИНГ: Android 10’гача аллақачон янгиланган смартфонлар ҳамда ундаги ўзгаришлар рўйхати – Galaxy A50 мисолида

Android 10 операцион тизим талқини базасида тайёрланган One UI 2.1 график қобиғи Galaxy Note 9 фаблетларига бундан бир ҳафтача бурун тарқатила бошлаган эди. Энди эса ушбу апдейт икки йил бурунги флагманлар – Samsung Galaxy S9 ҳамда Galaxy S9 Plus моделларига кела бошлади.

Мазкур янгиланиш янги фойдаланувчи интерфейсини, шунингдек, Galaxy S20 туркуми билан бирга пайдо бўлган ажойиб функцияларни ўз ичига олган. Улар орасида камеранинг Pro Video ҳамда Single Take режимлари ҳам мавжуд. Булардан биринчиси видеога олишда ISO ва бошқа параметрларни аниқ созлаш имконини беради. Иккинчиси бўлса затворни бир марта босганда кетма-кет ўнтагача фото ва тўрттагача видео суратга олиб, кеин орасидан энг яхши чиққанларини саралаш имкониятини тақдим этади.

ЎҚИНГ: Samsung смартфонлари ўртача 20 фоизга қимматлашди, лекин бу ҳали ҳолваси!

One UI 2.1 прошивкаси билан бу смартфонларга тезкор файл алмашиш функцияси ҳам қўшилган. Яъни, Bluetooth орқали уланиб, Samsung қурилмалари орасида тезкорлик билан файл, ҳужжат ёки расм алмашиш мумкин.

Galaxy S9, S9 Plus ҳамда Galaxy Note 9 смартфонларига мазкур янгиланиш билан Smart Gallery функцияси ҳам тақдим этилган. У ўзаро ўхшаш фотосуратларни гуруҳларга ажратишга, шунингдек, расмларни вақти ёки жойига кўра излашга имкон беради.

Бундан ташқари, One UI 2.1 прошивкасида тизимнинг барқарор ишлаши яхшиланган ва майда камчиликлар тўғриланган. Ушбу янгиланиш ҳажми тахминан 1,1 гигабайтга тенг бўлиб, «ҳаво орқали» босқичма-босқич тарқатилмоқда.

ЎҚИНГ: Android 11’гача янгиланувчи 60 га яқин Samsung смартфонлари ва планшетлари битта рўйхатда!