Илон Маск дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида учинчи ўринга тушди

  •   DiMaX
  •  638
  •  19.05.2021 12:38

Илон Маск дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида учинчи ўринга тушди

Bloomberg Billionaires Index версиясига кўра, америкалик тадбиркор, SpaceX, Tesla, Neuralink ва бошқа бир нечта компаниялар асосчиси Илон Маск дунёнинг энг бой одамлари рўйхатидаги иккинчи ўринни бой берди. Бу хусусда Daryo нашри хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: Илон Маск руҳий касалликка чалинганлигини эълон қилди

18 май куни Bloomberg Tesla акцияларининг арзонлашуви фонида Маскнинг бойлиги 3,16 миллиард долларга камайиб, 160,6 миллиард долларгача тушганини эълон қилди. LVMH корпорациясига, шу жумладан, Louis Vuitton ва Sephora брендларига эгалик қилувчи франциялик Бернар Арнонинг оиласи рўйхатнинг иккинчи поғонасига кўтарилди. Bloomberg унинг бойлигини 161,2 миллиард долларга баҳоламоқда.

Лекин Forbes аввалгидек Маскни Amazon ҳамда Blue Origin компаниялари асосчиси Жефф Безосдан кейин дунёнинг иккинчи энг бадавлат одами деб ҳисобламоқда. Журнал версиясига кўра, Маскнинг бойлиги 151 миллиард долларни, Арно оиласининг бойлиги 150 миллиард долларни ташкил қилмоқда.

2021 йилнинг бошидан буён Tesla асосчиси Жефф Безосни икки марта ортда қолдирди ва дунёнинг энг бой одамлари рўйхатида биринчи ўринга кўтарилди. Лекин охирги икки ҳафтадаги воқеалар унинг бойлигини сезиларли даражада камайтирди.

ЎҚИНГ: Миллиардер ҳақида миллиардларга тенг фактлар

9 май куни тадбиркор NBC телеканалининг Saturday Night Live кўрсатувида бошловчи сифатида чиқиш қилди ва эфирда Аспергер синдромидан азият чекишини тан олди, ўзининг бизнес режалари ва ғояларидан кулди, шунингдек, ўзи бир неча маротаба гапирган Dogecoin криптовалютасини фирибгарлик деб атади.

Шундан кейин Маск Tesla’нинг электромобилларга тўлов тариқасида биткоин қабул қилишни тўхтатаётганини, шунингдек, ўзининг криптоактивлари билан ҳеч қандай операцияларни амалга оширмаслигини маълум қилди. Миллардер бу қарорини биткоин майнинги учун қазиб олинадиган энергия манбаидан фойдаланилаётгани, улар эса иссиқхона чиқиндиларининг пайдо бўлишига олиб келишидан хавотирда экани билан изоҳлади.

Шулардан сўнг криптобиржада биткоинннинг нархи кескин пасая бошлади. Маскнинг баёноти фонида Tesla акциялари ҳам 15 фоизга арзонлашди. Бунинг натижасида компаниянинг 21 фоиз улушига эгалик қилувчи Маск бир ҳафта ичида 20 миллиард доллар йўқотди.

Кейинчалик Маск аввал 1,5 миллиард долларга баҳоланган криптоактивларини сотиб юбориш эҳтимолини инкор этмади. Ушбу баёнотлардан кейин криптовалюта нархларининг янги пасайишлари кузатилди — уч ой ичида биринчи марта биткоиннинг нархи 45 минг доллардан арзонлади.

Маълумот учун, Tesla компанияси 24 март куни ўз маҳсулотлари учун биткоинлар билан тўлаш имкониятини қўшган эди.

ЎҚИНГ: «Мени Марсга дафн этинг» – Илон Маск «Қизил сайёра»ни забт этиш вақтларигача айтди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!