Интернет-фирибгарлар «ошиқ» ўсмирларни «илинтира» бошлашди

  •   DiMaX
  •  1261
  •  28.05.2019 17:44

Интернет-фирибгарлар «ошиқ» ўсмирларни «илинтира» бошлашди

Ўсмирлик пайтларида киши қизиқувчан, қизиққон бўлади, ҳар хил янги туйғуларни ҳис этади... Фирибгарлар эса бундан уддабуронлик билан фойдалана олишади.

ЎҚИНГ: Telegram’даги шубҳали каналларга «фирибгарлик» ёрлиғи қўйила бошлади. Рўйхатда Ўзбекистоннинг канали ҳам бор!

Интернет-фирибгарлар ижтимоий тармоқларда танишишга қизиқувчан ўсмирларни «нишонга олиш»га ўтишган, деб ёзади «Известия» нашри. Улар қиз бола номидан очилган профилда ўсмир болалар билан танишиб, виртуал дўстлашиб, яқин бўлиб олишади. Орадан маълум вақт ўтиб, «ўлжа»нинг телефон рақами ҳисобидан ҳамда банк карточкасидан маблағлар йўқола бошлайди.

Жумладан, Россиядаги бир банк ходимининг 14 яшар ўғли фирибгарлар нишонига айланган. Ижтимоий тармоқда у билан қиз профилида мулоқот қилган фирибгарлар йигитчанинг МТС рақами ҳисобидан шу операторнинг бошқа рақами ҳисобига пул кўчиришган. Кейин эса унинг ҳисобига автотўловни фаоллаштиришган, яъни телефон рақамининг пули тугаётганида пластик картасидан автоматик тарзда унга пул тушаверади. Бу пулларни эса фирибгарлар бошқа рақамнинг ҳисобига ўтказаверишган. Шу тариқа унинг бир ярим минг рубл пулини ўмаришган.

Яна бир ўн етти яшар йигитча ҳам тармоқдаги «қиз»нинг «қармоғига илинган». Ҳисобидаги пулни кам-камдан олишгани учун у аввалига нима бўлаётганини билмаган ҳам. Охир-оқибатда эса нақ етти минг рублдан айрилган.

ЎҚИНГ: Илк бор интернет орқали уйни ўғирлашди – электрон рақамли имзо ёрдамида!

Юқорида келтирилган мисолларда Альфа-банк картаси орқали иш қилинган экан. Мазкур ташкилот вакилларининг аниқлик киритишларича, шунга ўхшаш ҳолатлар кўп учрамоқда. Уларнинг схемаси ҳам ўзаро ўхшаш: фирибгарлар қиз бола профилидан кириб, ўсмир болалар билан танишишади.

Мулоқотларда бирмунча яқин бўлиб олгач, маълум бир муддатдан кейин «қиз» унга бир илтимос билан мурожаат этади. Масалан, бирор ўйин ресурсида рўйхатдан ўтмоқчи эканини, аммо ўз телефони бузилиб қолганини айтади ва боладан телефон рақамини ҳамда унга SMS-хабарда келадиган кодни ёзиб юборишини сўрайди. Буларни қўлга киритгач, фирибгарлар пул ўтказмалари сервисидаги ўша боланинг шахсий кабинетига киришади ва унинг ҳисобидаги пулларни ўз ҳисобларига ўтказиб олишади. Агарда «ўлжа»нинг телефон рақамида автотўлов функцияси ёқилган бўлса, унга боғланган пластик картадан яна ҳисоб автоматик тарзда тўлдириб қўйилади.

Шу тариқа, фирибгарлар қизиқувчан ўсмирларнинг қизлар билан танишишга бўлган қизиқишидан «самарали» фойдаланишмоқда.

ЎҚИНГ: Жиддий жиноят: Пластик картангиздаги пулни банкдагилар ҳам ўғирлаши мумкин!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!