Компьютер ва ноутбукни флешка ва қаттиқ дискларни хавфсиз суғуриладиган қилиб созлаймиз

  •   DiMaX
  •  2341
  •  08.04.2019 12:04

Компьютер ва ноутбукни флешка ва қаттиқ дискларни хавфсиз суғуриладиган қилиб созлаймиз

Биласизки, компьютер ва ноутбукларнинг USB-портларидан ташқи хотира қурилмалари – флешка ва қаттиқ дискларни бирданига узиб қўйиш хавфли. Бунда хотира ташувчи мослама ишдан чиқиши, ичидаги барча файллар изсиз йўқолиши мумкин.

ЎҚИНГ: «Файл слишком велик»: агар файл флешкага кўчмаса нима қиламиз?

Юқоридаги ҳолатдан бохабар Microsoft компанияси Windows 10 операцион тизимида шу каби тасодифий ҳолатларнинг олдини олишни ҳам кўзда тутган, фақат ундан фойдаланишни билиш керак.

Одатда, ташқи хотира қурилмасига файлларни ёзаётган пайтимизда унга энергия етказиб берилишида узилиш бўлса юқоридаги муаммо юзага келади. Масалан, файлларни кўчираётганда USB-портдан уни узсак ёки шу жараёнда компьютер авариявий тарзда ўчиб қолса. Бунинг олдини олиш учун эса, аввало, қуйидагиларни билиб қўйишимиз даркор.

Ташқи хотира мосламалари компьютерга иккита режимдан бирида уланиши мумкин: «Тезкор суғуриш» («Быстрое удаление») ёки «Оптимал самарадорлик» («Оптимальная производительность»).

Булардан биринчиси бўйича уланган қурилмани компьютер ёки ноутбукдан исталган пайтда суғуриб олавериш мумкин – бунда унинг ичида аввалдан мавжуд бўлган файлларга зарар етмайди. Яъни, «Тезкор суғуриш» режимида уланган флешка ёки ташқи дискни суғуриб олиш учун трейдаги (экраннинг пастки ўнг бурчагидаги) «Вазифалар панели» («Панель задач») билдиришномалар ҳудудида акс этувчи «Извлечь устройство» опцияси орқали тизимдан узиш шарт эмас.

Агарда хотира қурилмаси «Оптимал самарадорлик» режими бўйича уланган бўлса, унга файллар кўчириш ва ундан «ўқиш» анча тезкорлик билан амалга оширилади, флешка билан ишлаш қийин бўлмайди. Фақат бу режимда ташқи хотира қурилмасини компьютердан жисмоний узишдан (суғуриб олишдан) олдин, албатта уни операцион тизим даражасида ажратиш, яъни трейдаги «Қурилмани чиқариб олиш» («Извлечь устройство») опцияси орқали тизимдан чиқариб олиш керак бўлади.

ЎҚИНГ: CES 2019 кўргазмасида SanDisk нақ 4 терабайтлик USB-флешка тақдим этди!

Тушунган бўлсангиз керак – флешка ёки ташқи қаттиқ диск тасодифий узилишларда зарарланишининг олдини олиш учун, уни компьютерга «Тезкор суғуриш» режимида улаган маъқул. Буни эса қуйидагича созлаб қўйиш керак бўлади:

  1. Ташқи хотира қурилмасини компьютерга улаймиз.
  2. Бошланғич меню – «Windows» белгичаси устига сичқончанинг ўнг тугмачаси билан чертамиз. Очилган меню рўйхатидан «Дискларни бошқариш» («Управление дисками») бандини танлаймиз.
  3. Уланган ташқи хотира қурилмасини топиб, устига сичқончанинг ўнг тугмачаси билан чертамиз ва «Хусусиятлари» («Свойства») бандини босамиз.

  1. Диск хусусиятлари ойначасидаги иккинчи – «Сиёсат» («Политика») варақасига ўтамиз. Шу ерда ушбу қурилмани тизимдан узишнинг қайси сиёсати («Тезкор суғуриш» ёки «Оптимал самарадорлик» режими) ўрнатилганлигини кўрамиз. Шулардан қай бири – суғуришнинг хавфсиз кечиши ёки флешканинг тезкор ишлаши ўзимиз учун зарур бўлса, ўшани танлаб, «ОК» тугмачасини босамиз.

Windows 10 тизимининг янги версияларида дастлабки созламаларга кўра барча ташқи хотира қурилмаларида «Тезкор суғуриш» режими қўлланмоқда. Яъни, уларда флешкани USB-портдан суғуриб олиш учун уни тизимдан ўчириш шарт эмас. Агарда компьютер ёки ноутбукингизда ундан аввалги версиялардаги Windows ўрнатилган бўлса, юқоридаги усул бўйича уни шу режимга ўтказиб олишингиз мумкин.

Агарда ташқи хотира қурилмасининг юксак самарадорлик билан ишлашини истасангиз, юқоридаги йўриқнома бўйича уни «Оптимал самарадорлик» режимига ўтказиб қўйсангиз ҳам бўлади. Лекин ёдда тутинг – бунда файл кўчираётганда узилиш бўлса, хотира қурилмаси ишдан чиқиши, ичидаги файллар куйиб кетиши мумкин.

Дарвоқе, Terashop.uz интернет-дўконимиздан нархи 2 109 000 сўмдан бошланувчи турли ноутбукларни сотиб олиш, шунингдек, 66 000 сўмдан бошланган нархларда смартфон ва компьютер флешкаларини харид қилиш имкони мавжуд. Шунингдек...

ЎҚИНГ: Арзонлашган MDC смартфонларини Terashop.uz’дан харид қилиб, 16 ГБлик SanDisk хотира картасини ҳадяга олинг! (2019 йил 27 март)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!