Lovot – «севиш учун» яратилган суҳбатдош робот, лекин бошқа ишгаям ярайди!

  •   DiMaX
  •  879
  •  19.12.2018 10:24

Lovot – «севиш учун» яратилган суҳбатдош робот, лекин бошқа ишгаям ярайди!

Япониядаги SoftBank Group телекоммуникацион медиакорпорацияси робототехника бўлимининг собиқ ходимларидан бири Groove X стартапига асос солганди. У ўзининг илк маҳсулоти – Lovot деб номланган «улфат» роботни тақдим этди.

ЎҚИНГ: Халқаро робототехника олимпиадаси қўмитасининг Ўзбекистондаги расмий вакили маълум бўлди.

Ушбу маҳсулот кишилар билан мулоқотга киришиб, уларнинг кўнглини кўтаришга мўлжалланган. Бу унинг номида ҳам акс этган: «Lovot» сўзи «love» ҳамда «robot» сўзларини бириктириб ясалган.

Lovot ташқи кўринишидан пингвин ёки мультфильм қаҳрамони шаклидаги юмшоқ ўйинчоқни эслатади. Атрофидагилар билан ўзаро алоқага киришиш учун «сунъий идрок»дан фойдаланади, ҳаракатланиш учун эса ғилдиракчалари бор. Мулоқот қилиш учун у чийиллаб турли овозлар чиқаради.

Мазкур роботни кийинтириш, унга ғамхўрлик қилиш мумкин. Шундай қилган кишиларга у ҳам муносиб жавоб қайтаради, ўзини худди шу одамга ўрганиб қолгандек тутади. Lovot сийпалаганда илиқроқ бўлади, қўлга олиб секин тебратса ухлаб қолади, чақирганда кишининг ортидан боради.

ЎҚИНГ: Худди Терминатордагидек: хитойлик олимлар суюқ робот яратишди

Лекин Lovot’нинг бошқа, чиндан фойдали функциялари ҳам бор. У камераси орқали уйни кузатиб ва ёш болага қараб ўтириши мумкин. Роботни мобил илова ёрдамида бошқариш ва бу дастурдан унинг камераси орқали кузатиш имкониятлари бор.

Ишлаб чиқувчининг ўзи Lovot’ни кучукча кўринишидаги Sony Aibo роботининг рақиби, деб ҳисоблайди. Бу маҳсулот эса ўн йилдан ортиқ вақт аввал ишлаб чиқаришдан олиб ташланган, кейин ўтган йили қайта тақдим этилганди.

Ҳаммаси яхши, аммо Lovot’нинг оммалашувига унинг нархи халақит бериши мумкин: ахир, у нақ 3100 доллар туради-да! Бундан ташқари, сервисга мунтазам тарзда пулли обуна бўлиш ҳам керак – буниси энди ортиқча... Бу робот савдога 2019 йилнинг охирларида чиқарилади.

ЎҚИНГ: Бухорода робот давлат хизматлари ҳақида маълумот бермоқда

 

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.