Мобил процессорлар бозори: MediaTek аллақачон Qualcomm’га етай деб қолди

  •   DiMaX
  •  868
  •  18.09.2020 12:01

Мобил процессорлар бозори: MediaTek аллақачон Qualcomm’га етай деб қолди

Ҳар қандай смартфоннинг «электрон юраги» унинг процессоридир. Смартфонсозлар сон-саноқсиз, мобил чипсетларни ишлаб чиқариш билан эса дунё бўйича бир нечтагина компания шуғулланади.

ЎҚИНГ: AnTuTu энг кучли мобил процессорлар рейтингини чиқарди

Counterpoint Research тадқиқот ва таҳлил компанияси жорий йилнинг иккинчи чораги ҳолатига кўра мобил процессорлар бозори ҳақидаги маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, жорий йилнинг иккинчи кварталида мобил чипсетлар етказиб бериш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26 фоизга қисқарган.

Ҳисоботда таъкидланишича, етакчи чипсоз бўлмиш Qualcomm ҳамда асосий рақобатчилардан бири – тайванлик MediaTek компанияси орасидаги фарқ қейинги бир йилда анча қисқарган. Тўғри, бозор етакчиси ҳалиям америкалик чипсоз бўлиб қоляпти, лекин унинг ҳиссаси бир йилда 33 фоиздан 29 фоизгача қисқарган. MediaTek эса аксинча – ўз ўрнини мустаҳкамлаб олган: бозорда унинг улуши бултур 24 фоиз бўлган, бу йил эса мазкур кўрсаткич 26 фоизга етган. Натижада ушбу икки икки чипсоз орасидаги фарқ 9 фоиздан 3 фоизгача камайган.

Huawei компаниясига қарашли HiSilicon кўрсаткичи ҳам яхши – 2020 йилнинг иккинчи кварталида етказиб берилган барча мобил процессорларнинг 16 фоизи унга тегишли. Apple бу бозордаги улушини 11 фоиздан 13 фоизгача кўтариб олган бўлса, Samsung ҳиссаси аксинча – 16 фоиздан 13 фоизгача пасайган. Сўнгги ўринни 4 фоизлик улуш билан Хитой – компанияси Unisoc эгаллаган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, АҚШ томонидан қўлланилган санкциялар туфайли Huawei мобил процессорлар ишлаб чиқара олмаслиги энди бошқа чипсозларга қўл келади. Кейинги пайтларда 5G-процессорларга талаб ошиб бораётганини ҳисобга олсак, бундан буёғига Qualcomm, MediaTek ҳамда Unisoc компанияларининг омади чопади.

ЎҚИНГ: Флагман процессорлар жанги: Dimensity 1000+ деярли барча бенчмаркларда Kirin 990 5G’ни маҳв этди!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!