OnePlus атиги 200 долларга нақ 6000 mAh батареяли смартфон тайёрлади!

  •   DiMaX
  •  1714
  •  28.08.2020 14:58

OnePlus атиги 200 долларга нақ 6000 mAh батареяли смартфон тайёрлади!

«Асло қотмас» смартфонлар тайёрловчи хитойлик компания аввалроқ ҳамёнбоп OnePlus Nord моделини тақдим этган. Биз унинг, яна iPhone SE 2020 ҳамда Google Pixel 4a смартфонларининг камера имкониятлари ўзаро таққосланган видеони эълон қилганмиз. Энди эса...

ЎҚИНГ: OnePlus компанияси «Газак» ва «Лағмон» ортидан энди «Кабоб» тайёрлаяпти!

«Флагманлар кушандалари»ни тақдим этиб келаётган компаниянинг OnePlus Nord модели ўрта нарх тоифасига мансубдир. Унинг навбатдаги смартфони – OnePlus 8T модели Snapdragon 865+ базасидаги, кучли ва қиммат флагман бўлади.

Бироқ ишлаб чиқарувчи ҳақиқатан арзон бўлган яна бир телефон тайёрлаяпти. Инсайдерларга кўра, OnePlus Clover номли ушбу қурилма учун атиги 200 доллар нарх белгиланади – бунақаси ҳали бўлмаган!

AndroidCentral нашри OnePlus Clover ҳақидаги эксклюзив маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, компания бу маҳсулотини Qualcomm Snapdragon 460 процессори ҳамда ўта сиғимдор – 6000 мА/соатлик аккумулятор билан жиҳозлайди. Унинг зарядланиш қуввати 18 ваттлик; смартфон нархини ҳисобга олсак, бу яхши кўрсаткич.

OnePlus Clover дисплейи диагоналига 6,52 дюймлик бўлиб, IPS технологияси бўйича тайёрланган ва 1560х720 пикселлик аниқликда тасвир узата олади. Смартфоннинг тезкор/ички хотираси тегишлича 4/64 гигабайт ҳажмга эга бўлиб, унга яна microSD форматли хотира картаси ҳам қўйиш мумкин. Корпусида қулоқчин учун анъанавий 3,5 миллиметрлик аудиотирқиш бўлиб, орқа панелида дактилоскопик датчик жойлашади.

Арзон смартфонлар қаторига кирса-да, OnePlus Clover уч модулли камера билан таъминланади. Улардан асосий сенсор 13 мегапикселлик бўлса, қолган иккитаси 2 мегапикселлик датчиклардир.

Android 10 базасида тайёрланган OxygenOS 10 график қобиғи билан ишловчи OnePlus Clover кузда тақдим этилиши кутилмоқда, лекин санаси ҳали аниқ эмас.

ЎҚИНГ: Бешта нарх тоифасидаги энг зўр Android-смартфонлар (AnTuTu рейтинглари, 2020 йил июль)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!