Ўзбекистонда крипто-биржаларда савдо қилишга рухсат берилиши кутилмоқда

  •   DiMaX
  •  189
  •  03.05.2021 17:22

Ўзбекистонда крипто-биржаларда савдо қилишга рухсат берилиши кутилмоқда

Март ойида биз Тошкентда нақ 23,4 минг долларга биткоин сотаётган шахслар ушлангани ҳақида ёзган эдик. Sof.uz хабарига кўра, яқин келажакда криптовалюта билан боғлиқ амалиётларга расман рухсат берилиши мумкин.

ЎҚИНГ: Маск, Гейтс, Безос кабиларнинг Twitter-аккаунтларини бузиб, $100.000 ўмарган 17 яшар «Аҳмадбой» уч йилга қамалди

Президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги «Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги идоралараро қарор лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Унга кўра, амалдаги қонун ўзгартирилиб, Ўзбекистон резидентлари ва норезидентлари томонидан эмиссия қилинган токенларни рўйхатдан ўтказиш, чиқариш ёки айлантиришга рухсат берилади.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари крипто-биржаларда крипто-активлар ва токенлар билан крипто-биржа савдоларининг барча турларини миллий ва чет эл валютасида амалга ошириши мумкин бўлади.

Бунда, «сотиб олиш объекти сифатида крипто-активларни танлаш ва бу танловнинг тегишли оқибатлари сотиб олувчининг ўз таваккалчилигидир».

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида крипто-биржалар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда крипто-биржалар фаолияти ташкил этишга рухсат берилган. Аммо крипто-биржалар фаолиятини амалга ошириш учун лицензиялар Ўзбекистон ҳудудида шўъба ёки бошқа турдаги ташкилотларни очиш асосида фақатгина чет эл юридик шахсларига берилади.

ЎҚИНГ: Илон Маск Tesla автомобилларини биткоинга сотиш бошланганини эълон қилди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.