Redmi K40 намойиш этилди – Galaxy S21 Ultra экранли флагман атиги 310 доллардан!

  •   DiMaX
  •  5202
  •  26.02.2021 11:11

Redmi K40 намойиш этилди – Galaxy S21 Ultra экранли флагман атиги 310 доллардан!

«Хитойча Apple»нинг арзончи бренди, ниҳоят, ўзининг K40 туркумидаги флагман смартфонларини намойиш этди. Ушбу оилага Redmi K40 Pro ҳамда K40 Pro+ ҳам кирган, уларга кейинроқ тўхталамиз, ҳозир эса стандарт талқиндаги Redmi K40 билан батафсил танишамиз.

ЎҚИНГ: Redmi K40 ҳамда K40 Pro сотувга чиқди: нархлари, «жонли» сурат ва янги жиҳатлари

Redmi K40 модели базавий флагман бўлгани учун унинг «электрон юраги» сифатида энг кучли Snapdragon 888 эмас, балки Snapdragon 870 қўлланган. Лекин бу процессорнинг самарадорлиги ҳам Qualcomm’нинг энг зўр чипсети кўрсаткичига яқин.

Ушбу девайснинг асосий хусусиятларидан бири – Samsung томонидан ишлаб чиқилган, сўнгги Е4 авлод Super AMOLED экранидир. Айтиш керакки, бу – Galaxy S21 Ultra ҳамда Xiaomi Mi 11 флагманларида қўлланган, ҳозирда энг зўр дисплейдир. Улардагидан фарқи – Redmi K40 экранининг четлари қайрилма эмас, балки бир текис.

Экранга ўйилган олд камера тирқишининг ўлчами рекорд даражада кичик – диаметри атиги 2,76 миллиметрга тенг. Диагоналига 6,67 дюймлик дисплейда кадр янгиланиши 120 герцлик бўлса, сенсор қатлами нақ 360 герцлик частотада янгиланади – буниси геймерларга жуда ёқиши аниқ. Шунингдек, Redmi K40 экранида ранг ҳароратини 4500К дан то 7800К бирликкача созлаш учун қўшимча датчик қўлланган, худди замонавий iPhone’лардаги сингари.

Redmi K40 корпуси анчагина юпқа (7,8 мм) ва енгил (196 грамм) чиққан, аккумуляторининг ток сиғими 4520 мА/соатни ташкил этади. Унда 33 ваттлик тезкор қувватлаш технологияси қўлланган, лекин Redmi таъкидлашича, бу смартфон бошқа компанияларнинг худди шундай ток сиғимли ва бундан юқорироқ қувват билан зарядланувчи телефонлари каби тез қувват олади.

Симсиз қувватлаш технологияси эса бу базавий флагманда мавжуд эмас.

ЎҚИНГ: ТОП-15: Рекорд даражада тез қувватланувчи смартфонлар

Телефоннинг бош камерасида асосий сифатида 48 мегапикселлик Sony IMX582 датчиги ҳамда F/1,79 диафрагмали объектив қўлланган. Иккинчи – 5 МПлик сенсорга фокус масофаси 50 миллиметрлик объектив бириктирилган бўлса, 8 МПлик модул кўриш бурчаги 119 даражали ўта кенг бурчакли объектив билан тақдим этилган. Селфи учун 20 мегапикселлик олд камера ўрнатилган.

Redmi K40 конфигурациясида UFS 3.1 ҳамда LPDDR5 стандартидаги тезкор ва доимий хотира чиплари, Dolby Atmos технологияли стереодинамиклар қўлланган. Флагманда сўнгги авлод – Wi-Fi 6 адаптери, NFC модули, инфрақизил порт ҳам мавжуд, корпуси IP53 стандартига кўра сув сачрашидан ҳимояланган.

Xiaomi ушбу смартфонига ўз юртида қуйидагича нархлар белгилаган:

6/128 гигабайтлиги – 310 доллар;

8/128 гигабайтлиги – 340 доллар;

8/256 гигабайтлиги – 390 доллар;

12/256 гигабайтлиги – 420 доллар (ёки олдиндан буюртма қилганда – 390 доллар).

Redmi K40 смартфони Android 11 операцион тизим устига қурилган MIUI 12 график қобиғи билан чиқарилган.

ЎҚИНГ: Арзон флагман – Xiaomi Mi 11 Lite’ни илк бор «жонли» томоша қиламиз!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!