Samsung ҳамёнбоп, 120Hz экранли ва 64МП камерали 5G-смартфон тақдим этди

  •   DiMaX
  •  1191
  •  21.05.2021 11:44

Samsung ҳамёнбоп, 120Hz экранли ва 64МП камерали 5G-смартфон тақдим этди

Жанубий кореялик техногигант Galaxy F52 5G русумли смартфон тайёрлаётгани яқиндагина маълум бўлган. Ҳали расмий намойиши бўлиб ўтмаган эса-да, биз унинг «жонли» суратлари ва айрим техник жиҳатларини эълон қилганмиз. Шунингдек...

ЎҚИНГ: Galaxy F52 5G сотувга чиқяпти: энг чаққон харидорларга совға бор!

Samsung компанияси Хитойда кеча – 20 май куни Galaxy F52 5G русумли янги смартфонини намойиш қилди. Уни диагоналига 6,6 дюймлик, TFT-матрицали экран билан жиҳозлашган. Дисплейнинг тасвир узатиш аниқлиги FHD+ форматида, унда кадр янгиланиш частотаси эса 120 герцга боради!

Селфи учун Galaxy F52 5G дисплейининг юқори ўнг бурчагидаги тирқишга 16 мегапикселлик оптик сенсор ўрнатилган. Смартфоннинг бош камераси эса тўртталик бўлиб, асосий модули 64 мегапикселлик аниқликка эга. Квадрокамера жамланмасига яна 8 МПлик кенг бурчакли объектив билан бириккан модул, шунингдек, ҳар бири 2 мегапикселлик чуқурлик датчиги ва макрокамера кирган.

Galaxy F52 5G саккиз ядроли Snapdragon 750G процессори базасига қурилган ва 8/128 гигабайтлик тезкор/ички хотира билан таъминланган.

Смартфонга яна нақ бир терабайтгача ҳажмли microSD-карта ҳам қўйиш мумкин, лекин унинг слоти иккита SIM-карта уячасидан алоҳидами ёки хотира картаси улардан бирининг ўрнига қўйиладими – бунисини Samsung айтмаган.

ЎҚИНГ: Galaxy S20'лар Samsung учун навбатдаги бошоғриғи бўлди

Смартфоннинг дактилоскопи корпуснинг ён қиррасига ўрнатилган, унда яна замонавий USB-C порти билан бирга анъанавий қулоқчин тирқиши ҳам мавжуд. Қурилманинг аккумулятори 4500 мА/соатлик ток сиғимига эга ва уни 25 ваттлик технология асосида тезкор зарядлаш мумкин.

Хитойда аллақачон Galaxy F52 5G учун олдиндан буюртма очилган, нархи тахминан 310 АҚШ долларига тўғри келади. Унинг бошқа мамлакатлар бозорига чиқиш-чиқмаслиги ҳақида ҳозирса маълумот йўқ.

Дарвоқе, Galaxy F52 5G модели ушбу сериянинг Хитойдаги илк вакили бўлади. Бунгача эса Galaxy F туркуми смартфонлари фақатгина Ҳиндистонда сотилиб келаётган эди.

ЎҚИНГ: Ўз смартфонидан Galaxy фойдаланувчилари кўпроқ қониққанми ёки iPhone ишлатадиганлар?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!