Samsung шошиб қолди: Galaxy S21 ҳам шу йилдаёқ тақдим этилади!

  •   DiMaX
  •  2579
  •  16.10.2020 13:34

Samsung шошиб қолди: Galaxy S21 ҳам шу йилдаёқ тақдим этилади!

Жанубий кореялик техногигант одатда ўзининг флагман смартфонларини февралда намойиш қилишига ўрганиб қолганмиз. Лекин Galaxy S21 туркумига келиб, Samsung бу борадаги тактикасини ўзгартирмоқчи.

ЎҚИНГ: Galaxy S21'ларда Samsung узоқ кутилган селфи камера ечимини қўллаши мумкин!

Маълум бўлишича, SM-G9910 модел рақамига эга бўлган Samsung Galaxy S21 флагмани аллақачон Хитойнинг 3C регуляторида сертификациядан ўтган. Унинг маълумотлар базасида мазкур смартфоннинг айрим техник жиҳатлари ҳам кўрсатилган.

Унга кўра, Galaxy S21 смартфонининг стандарт жамланмасида фақатгина 25 ваттлик қувватга эга бўлган зарядлаш ускунаси бўлади. iPhone 12’лар қадоғидан зарядчик умуман олиб ташлангани ва шу боисдан Apple’ни рақиблари калака қилганини ҳисобга олсак, Samsung мухлислари шунисига ҳам шукур қилсалар бўлади.

ЎҚИНГ: Samsung флагманларида янги ишкал: улар «очлик эълон қилди»!

3C сертификацияси кўрсатишича, смартфон унга Samsung Investment компанияси томонидан тақдим этилган. Гаджетнинг ишлаб чиқарувчиси Samsung Electronics бўлиб, қурилма Samsung Electronics Vietnam Thai Nguyen заводида тайёрланган.

Шунингдек, сертификация ушбу флагманда 3880 мА/соатлик аккумулятор ўрнатилганини ҳам ошкор этган. Манбанинг қўшимча қилишича, Samsung Galaxy S21 модели – Qualcomm Snapdragon 875 процессори базасидаги, ушбу регулятор сертификатини олган илк смартфондир.

Жанубий Кореядаги ҳамда Samsung смартфонларига бутловчи қисмларни етказиб берувчи корхоналардаги инсайдерлар маълум қилишича, компания чиндан шошилмоқда. Жорий йилнинг февралида тақдим этилган Galaxy S20 туркумини териш ишлари январда бошланган бўлса, Galaxy S21 учун қисмларни оммавий ишлаб чиқаришни шу йилнинг ноябридаёқ бошламоқчи. Агар шундай бўлса, янги флагманлар декабрдаёқ расман тақдим этилади.

ЎҚИНГ: Нархи 130 долларга ҳам бормайдиган Samsung Galaxy A02 ҳамда Galaxy M02 тайёр!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!