Telegram блокланса ҳам унга компьютердан кирса бўлади!

  •   DiMaX
  •  1008
  •  25.03.2018 22:04

Telegram блокланса ҳам унга компьютердан кирса бўлади!

Мессенжерлар орасида Telegram ўз фойдаланувчиларининг ёзишмаларини мустаҳкам шифрлаши, уларнинг махфийлигини таъминлаши билан машҳур. Бироқ айни шу сабабли Россия Федерацияси тез кунлар ичида бу мессенжерни блоклашни режалаштирган.

ЎҚИНГ: Telegram’ни блоклашмоқчи, вазият жиддий!

Сайтимизга Россия ҳудудидан ҳам кирувчилар кўплигини, умуман, турли вазиятларда керак бўлиб қолишини ўйлаб, Telegram блокланган тақдирда ҳам унга кириш йўлларини маълум этишга қарор қилдик.

Фойдаланувчилар Telegram’га асосан смартфондан киришади; Apple мобил алоқа қурилмалари учун ҳам, «яшил роботчали» девайслар учун ҳам унинг тегишли иловалари тақдим этилган. Агарда мессенжер блокланса, тўсиқни «айланиб ўтиб» телефонда уни очиш йўлларини эълон қилганмиз.

ЎҚИНГ: Telegram блокланса ҳам iOS ёки Android-смартфондан унга кириш йўли бор!

Энди эса Telegram’дан компьютер орқали фойдаланувчилар учун йўриқномаларни эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз. Айтиш керакки, бу усуллар Windows ҳамда macOS операцион тизимли қурилмалар учун амал қилади.

Худди смартфонларда бўлгани каби, компьютер ва ноутбуклар орқали бу мессенжердан фойдаланишда ҳам блокировкани айланиб ўтишнинг иккита усули мавжуд.

1. Telegram Desktop’ни SOCKS5 протоколи орқали очиш

Смартфонда бўлгани каби, Windows ҳамда macOS операцион тизимлари учун ишлаб чиқилган Telegram Desktop клиентида ҳам SOCKS5 протоколи орқали кириш имкони бор. Бу функцияни фаоллаштирсангиз, интернет-трафик «айланма йўллар» орқали, яъни бошқа – блокланмаган IP-манзил билан кетади. Натижада интернет-провайдер уни фильтрлай олмайди ва мессенжер бемалол ишлайди.

Хулласи калом, Telegram Desktop’да блокировкани SOCKS5 протоколи орқали айланиб ўтиш учун, SOCKS5 серверлари рўйхати берилган бирор сайтга (масалан – HideIP) кирасиз. У ерда бошқаларига нисбатан тезкорроқ сервернинг IP-манзилини ва портини нусхалаб оласиз.

ЎҚИНГ: IP манзил ҳақида

Кейин Telegram Desktop’ни ишга тушириб, унинг созламаларини (юқори чап бурчакда учта горизонтал чизиқ шаклидаги меню, кейин унинг рўйхатидан «Settings» банди) очасиз. Унинг охирроғидаги, қўшимча созламаларни англатувчи «Advanced Settings» бўлимида уланиш тури – «Connection type:» банди ёнидаги ёзувни босиб, «TCP with custom socks-5-proxy»ни танлайсиз.

Шу ерда очилган «Hostname» майдончасига боя нусхалаб олганингиз – сервернинг IP-манзилини ташлайсиз ва «Port» майдончасига унга тегишли порт кўрсаткичини киритасиз. Фойдаланувчи исми ва пароли майдончаларини тўлдириш шартмас. «Save»ни босасиз ва уланиш ўрнатилишини кутасиз. Агарда Telegram ёзишмаларингиз очилмаса (бу уланиш амалга ошмаганини билдиради), у ҳолда бошқа бир сервернинг IP-манзилини ва портини синаб кўрасиз.

SOCKS5 протоколи маълумотларни шифрланган шаклда узатади, шу боис Telegram Desktop’даги ёзишмаларингиз махфий қолишидан хавотир олмасангиз ҳам бўлади.

ЎҚИНГ: Қандай қилиб Telegram’ни бузиб киришдан ҳимоя қилиш мумкин

2. Браузер орқали Telegram’нинг веб-версиясига кириш

Telegram жамоаси мазкур мессенжерга дунёнинг исталган жойидан, ҳатто клиент ўрнатилмаган қурилма орқали ҳам кириш имконини тақдим этган. Бу – https://web.telegram.org/ манзили орқали мессенжернинг веб-версиясига исталган браузер ёрдамида кириш усулидир.

Агарда Telegram блокланса, браузерда бирор анонимайзер орқали юқоридаги манзилни очиб, унда мессенжердаги ўз профилингизга кириб, фойдаланаверишингиз мумкин. Фақат фойдаланиб бўлгач, охирида Менюдаги созламлар («Settings») бандига кириб, унинг охиридаги аккаунтдан чиқиш («Log out») тугмачасини босиб чиқиб кетишни унутманг.

Агарда Chrome браузеридан фойдаланадиган бўлсангиз, унга friGate CDN кенгайтмасини ўрнатиб олсангиз ҳам бўлади. Шунингдек, анонимликни таъминловчи бошқа браузерларни ўз компьютерингизга ўрнатиб қўйсангиз ҳам зарар қилмайди.

ЎҚИНГ: Интернетдаги анонимлик учун махсус браузерлар

Telegram блокланган тақдирда ҳам унга смартфондан ёки компьютердан кириш усулларини ўрганиб олишлари учун ушбу мақолаларимизни дўстларингизга ҳам улашинг!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!