Telegram’да матнларни турли форматларда ёзиш усуллари

  •   DiMaX
  •  2413
  •  08.10.2018 10:31

Telegram’да матнларни турли форматларда ёзиш усуллари

Турли мессенжерларда ёзишамиз, улардаги каналларни кузатиб борамиз ва гуруҳларда суҳбатлашамиз. Хўш, у ерда матнни ҳар хил форматларда ёзиб, чатдагиларни ҳайрон қолдиришга нима дейсиз?

ЎҚИНГ: WhatsApp’да хабарларни турли форматларда ёзишни ўрганамиз

Ўзбекистондаги энг оммабоп мессенжер – Telegram’да матнларни ҳар хил форматларга солишнинг турли усуллари бор. Ҳозир шулардан асосийлари – ёзувларни тўқранг (жирный), курсивли, таги чизиқли ёки «дастурчилар усулида» – ҳарфларини бир хил энли қилиб ёзиш йўлларини бирга кўриб чиқамиз.

1-УСУЛ: МАХСУС БЕЛГИЛАР ЁРДАМИДА

Ушбу усул Android, iOS, Windows, macOS ва Linux операцион тизимли қурилмаларда амал қилади, яъни, бу – универсал йўли. Шунингдек, мазкур усул жудаям оддий, фақат тегишли белгиларни эслаб қолсангиз бас. Бунда керакли матнни уч хил форматдан бирида ёзиш мумкин: тўқранг, курсив ва ҳарфлари бир хил энли.

  1. Тўқранг ёзиш учун, матндаги керакли сўзни (ёки сўзларни, гапни) ҳар икки томонидан жуфт юлдузча (**) билан чегаралаш керак:

  1. Курсив форматига солиш учун, тегишли матннинг ҳар икки тарафидан пастки чизиқча (_) белгиси қўйиш лозим:

  1. Ҳарфлари бир хил энли қилинадиган матнни эса боши ва охирига учтадан апостроф (‘‘‘) белгиси қўясиз:

2-УСУЛ: КЛАВИАТУРА ҚИСҚАРТМАЛАРИ ЁРДАМИДА

Матнларни турлича форматлашнинг бу йўли macOS, Windows ва Linux тизимли қурилмаларда қўл келади. Яъни, компьютер ҳамда ноутбуклардаги Telegram Desktop дастурида, шунингдек, мессенжернинг веб-версиясида шу усулдан фойдалансангиз бўлади.

Бунда матннинг форматланадиган қисмини белгилаб оласиз ва, худди Word дастуридаги сингари, стандарт клавиатура қисқартмаларидан фойдаланасиз:

  1. Тўқранг қилиш учун – Ctrl/Cmd + B.
  2. Курсивли форматлаш учун – Ctrl/Cmd + I.
  3. Ҳарфлар эни бир хил бўлиши учун – Ctrl/Cmd + Shift + M.
  4. Форматни тозалаш – Ctrl/Cmd + Shift + N.

Масалан, битта сўзни тўқранг қилингандаги кўриниши қуйидагича:

Дарвоқе, бу усул нисбатан яқинда жорий этилган. Агарда сизда бу ишламаётган бўлса, Telegram Desktop дастурингизни янгилаб олинг.

3-УСУЛ: @bold БОТИ ОРҚАЛИ

Ушбу Telegram-бот мазкур мессенжернинг барча: Android, iOS, Windows, macOS ҳамда Linux операцион тизимларидаги клиентларида ишлайди. Ундан фойдаланиш учун ёзишмада хабарнинг энг бошида @bold сўзини киритиш кифоя, давомига эса керакли хабарингизни ёзаверасиз. Бу бот форматлашнинг уч хил – тўқранг, курсив ва ҳарфлари бир хил энли вариантларини таклиф этади:

Бу усулнинг иккита ноқулай томони бор: аввало, хабарнинг бирор белгилаб олинган қисми эмас, балки матннинг барчаси шундай янги форматга солинади. Иккинчидан, хабарингизда бу матннинг @bold боти ёрдамида ёзилгани акс этиб туради.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни истардикки, матнни турли форматларга солиб юборавериш мессенжердаги суҳбатдошларингизга унча хуш келмаслиги мумкин. Шу боис бу борада ҳам чегарадан чиқиб кетмаган маъқул.

ЎҚИНГ: Telegram’да нотаниш контактлар пайдо бўляптими? Бартараф этамиз!

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.