Telegram ўз тарихидаги энг йирик зарбага учради ва $1,7 млрд.лик лойиҳасидан айрилди!

  •   DiMaX
  •  3101
  •  13.05.2020 09:06

Telegram ўз тарихидаги энг йирик зарбага учради ва $1,7 млрд.лик лойиҳасидан айрилди!

Оммабоп мессенжер тайёрлаётган Telegram Open Network (TON) блокчейн платформаси тўхтатилди. Ҳатто Apple асосчиси ва собиқ раҳбари Стив Жобсдан қолган кўп миллиардлик меросни ҳам беваси ўз фарзандларига бермасдан, ушбу 1,7 миллиард долларлик лойиҳага тиккан эди.

ЎҚИНГ: Ниҳоят, Telegram ўз криптовалютаси ҳақида расман изоҳ берди – TON ва Gram билан батафсил танишамиз!

Telegram мессенжерининг асосчиси Павел Дуровнинг бу ҳақдаги расмий мақоласини Telegram Uzbekistan канали ўзбек тилига ўгириб чиқарган ва унда шундай дейилади:

Сўнгги 2,5 йил ичида бизнинг энг яхши муҳандисларимиз TON деб номланган янги авлод блокчейн платформаси ва биз Gram деб атамоқчи бўлган криптовалюта устида ишлаб келган эди. TON дастлаб Bitcoin ва Ethereum томонидан илгари сурилган марказсизлаштириш тамойилларини баҳам кўриш учун ишлаб чиқилган, аммо тезлик ва миқёси жиҳатидан улардан анча устун бўлиши керак эди.

Натижа билан биз жуда ғурурланган эдик – биз яратган технология қадриятлар ва ғояларнинг очиқ, эркин, марказлаштирилмаган алмашинувини амалга оширишга имкон берди. Telegram билан бирлаштирилган ҳолда TON одамлар маблағ ва маълумотни сақлаш ва узатишда инқилоб қилиш имкониятига эга эди.

Афсуски, АҚШ суди TONни тўхтатди. Қандай дейсизми? Тасаввур қилинг-а, бир неча киши олтин конини қуриш учун пул йиғиб, уни қуриб, сўнгра ундан чиққан олтинни ўзаро бўлишди. Кейин бир судья келиб уларга қуйидагини айтди: «Бу одамлар пул топиш учун олтин конларига пул қўйишган. Ва бу олтинни ўзларига олишни истамаганлар, уни бошқа одамларга сотмоқчи бўлишган. Шунинг учун уларга олтин қазиб олишга рухсат берилмаган».

Агар бу сиз буни бемаъни иш деб топган бўлсангиз, билингки, сиз ёлғиз эмассиз – лекин TON (кон) ва Gram (олтин) воқеаси айнан шундай бўлди. Судья бу асосдан фойдаланиб, одамлар Bitcoin’ларни сотиш ёки сотиб олишларидек Gram’ларни сотишлари ёки сотиб олишлари мумкин эмаслиги тўғрисида ҳукм чиқарди.

Эҳтимол, бундан ҳам мантиққа мос келмайдиган томони шундаки, Америка суди Gram’ларни нафақат АҚШда, балки бутун дунёда тарқатиш мумкин эмаслигини таъкидлаган. Нима учун? Чунки, унинг сўзларига кўра, АҚШ фуқароси TON платформаси ишга туширилгандан сўнг унга киришнинг бирон бир йўлини топиши мумкин. Шундай қилиб, бунинг олдини олиш учун дунёнинг ҳар қандай бурчагида Gram’ларнинг тарқалишига йўл қўймаслик керак – гарчи ер юзидаги бошқа барча давлатлар TON билан яхши иш тутаётганга ўхшаса ҳам.

Ушбу суд қарори, бошқа давлатлар ўз фуқаролари учун нима яхши ва нима ёмон эканлигини ҳал қилиш учун мустақилликка эга эмаслигини англатади. Агар АҚШ тўсатдан қаҳвани тақиқлашга қарор қилганида ва Италиядаги қаҳвахоналарда америкаликлар бўлиши мумкин деган фикр билан қаҳвахоналарни ёпилишини талаб қилганида, кимдир бунга рози бўлар эди, деган фикрга эга эмасмиз.

Ва шунга қарамай, биз TON устида ишларни давом этмасликка қийин қарор қилдик.

ЎҚИНГ: Telegram асосчиси Дуров: Кремний водийсига кўчмаслик учун 7 сабаб

Афсуски, америкалик судья бир нарсада ҳақдир: биз, Қўшма Штатлардан ташқарида бўлган одамлар, бизнинг президентларимизга овоз бера оламиз ва парламентларимизни сайлай оламиз, аммо молиявий ва технология масаласида биз ҳали ҳам АҚШга қараммиз (хайриятки, қаҳва масаласида эмас). АҚШ доллар ва глобал молиявий тизим устидан ўз бошқарувини дунёдаги исталган банк ёки банк ҳисобини ёпиш учун ишлатиши мумкин. App Store ва Google Play’дан иловаларни олиб ташлаш учун улар Apple ва Google устидан бошқарувидан фойдаланишлари мумкин. Ҳа, ҳақиқатан ҳам, бошқа давлатлар ўз ҳудудларида нимага рухсат бериш, нимага эса рухсат бермаслик устидан тўлиқ мустақилликка эга эмаслар. Афсуски, биз – бошқа мамлакатларда яшайдиган дунё аҳолисининг 96 фоизи – АҚШ аҳолисининг 4 фоизи сайлайдиган қарор қабул қиладиган шахсларга қараммиз.

Бу келажакда ўзгариши мумкин. Аммо бугунги кунда биз ноиложликдамиз: жуда марказлашган дунёга кўпроқ мувозанатни олиб келиб бўлмайди, чунки у ниҳоятда марказлашган. Аммо биз уриниб кўрдик. Байроқни кўтариш ва хатоларимиздан сабоқ олиш учун биз буни кейинги авлод ишбилармонлар ва дастурчилар вакилларига қолдирамиз.

Мен ушбу хабарни Telegram’нинг TON’даги фаол иштироки тугаганлиги ҳақида расман эълон қилиш учун ёзяпман. Сиз менинг исмим ёки Telegram брендидан, шунингдек «TON» номидан фойдаланаётган сайтларни кўришингиз мумкин (балки аллақачон кўргандирсиз). Уларга пулингиз ёки маълумотларингизни ишонманг. Бизнинг жамоамизнинг на ҳозирги, на олдинги аъзоси ушбу лойиҳаларнинг бирортасида ҳам қатнашмайди. TON учун биз яратган технологияга асосланган тармоқлар пайдо бўлиши мумкин бўлса ҳам, биз улар билан алоқадор бўлмаймиз ва уларни қандайдир тарзда қўллаб-қувватлашимиз даргумон. Шунинг учун эҳтиёт бўлинг ва ҳеч кимга сизни алдашига йўл қўйманг.

Мен ушбу эълонни дунёда марказсизлаштириш, мувозанат ва тенгликка интилганларнинг барчасига омад тилаб якунламоқчиман. Сиз адолатли мақсад учун курашаяпсиз. Ушбу жанг бизнинг авлодимизнинг энг муҳим жанги бўлиши мумкин. Умид қиламизки, биз муваффақиятсиз бўлган жойда сиз муваффақиятга эришасиз.

2020 йил 12 май,

Павел ДУРОВ.

ЎҚИНГ: Telegram ҳақида 13 қизиқ саволга аниқ жавоб!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.