Россия буюртмасига кўра Yahoo’ни бузиб кирган қозоғистонлик хакер йирик жаримага тортилиб, 5 йилга қамалди

  •   DiMaX
  •  1214
  •  31.05.2018 15:52

Россия буюртмасига кўра Yahoo’ни бузиб кирган қозоғистонлик хакер йирик жаримага тортилиб, 5 йилга қамалди

2014 йили хакерлар Yahoo тизимини бузиб киришган ва бу ҳужумдан 500 миллион фойдаланувчи зарар кўрган эди. Яқинда шу иш юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича суд ҳукми ўқилди, деб ёзади Engadget нашри.

ЎҚИНГ: Yahoo 3 йил аввал фойдаланувчиларнинг миллиарддан ортиқ пароли ўғирланганлигини маълум қилди

Унда асли қозоғистонлик бўлган ва ҳозирда Канадада яшаётган хакер – 23 ёшли Карим Баратов ҳам айбдор деб топилди. Ушбу хакер яна Карим Таловеров ҳамда Карим Акехмет Токбергенов номлари билан ҳам танилган. Судда унга нисбатан 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати ФСБнинг икки нафар собиқ ходими Yahoo’га киберҳужум уюштиришда айбланганида, Карим Баратов номи ҳам ўртага чиққан. Терговчиларга кўра, улар АҚШ ва Россия журналистлари, амалдорлари, молия хизматларининг ва йирик компанияларнинг ходимлари, хусусий бизнес вакиллари ва бошқа шахсларнинг почта аккаунтларини бузиб кириш мақсадида К.Баратовни ёллашган.

Карим Баратов аккаунтларнинг паролларини қўлга киритиш учун фишинг усулидан фойдаланган, кейин эса уларни ФСБ ходимларига сотган. Терговчилар фикрича, қозоғистонлик хакер шу усулда тахминан 1,1 миллион АҚШ доллари миқдорида пул ишлаб олган.

ЎҚИНГ: АҚШни чув туширган россиялик «агент»лар

Суд қарорига кўра, Карим Баратов ҳар бир айблов учун 250 минг (умумий ҳисобда 2,25 миллион) АҚШ доллари миқдорида жарима ҳамда барча жабрланувчиларга товон пули тўлаб бериши лозим.

Баратов судда кўриб чиқилган ҳолатлардан тўққизтаси бўйича айбини бўйнига олган. Шунингдек, у яна 2010–2017 йилларда 11 мингдан ошиқ почта аккаунтларини бузиб кирганлигини ҳамда уларнинг 80 таси Россия махсус хизматлари билан боғлиқ эканини ҳам тан олган. «Лекин мен ўз ҳаракатларимдан келадиган зарар ҳажмини тасаввур этмаганман ҳамда ФСБ билан ҳамкорлик қилаётганимни ҳам билмаганман», дейди 23 ёшли хакер Карим Баратов.

ЎҚИНГ: Тошкентлик хакер банкни салкам 90 минг долларга «чув туширди»