2020 йилда ҳам айрим Apple раҳбарлари Тим Кукдан кўп даромад кўришди!

  •   DiMaX
  •  271
  •  08.01.2021 14:39

2020 йилда ҳам айрим Apple раҳбарлари Тим Кукдан кўп даромад кўришди!

7 январь куни Tesla акцияларининг нархи 796,38 долларгача кўтарилди ва натижада Илон Маск дунёнинг энг бой кишисига айланди. Amazon асосчиси Жефф Безос эса дунё бойлари рўйхатида иккинчи ўринга тушиб қолди.

ЎҚИНГ: Apple ҳатто Тesla’га эгалик қилиши мумкин эди, лекин Тим Кук...

 Apple бош директори Тим Кук эса ўтган йилнинг августига келибгина миллиардер бўлган, лекин барибир энг бой 500 киши рўйхатига ҳам кира олмаган эди. Хўш, купертинолик корпорациянинг етакчилари ўзи йилига қанча «соққа» қилишади?

Қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар комиссияси – SEC ташкилотига Apple тақдим этган баёнотга кўра, Тим Кук ўтган йили 15 миллион долларга яқин даромад кўрган. Унинг базавий тушумлари – маоши 3 000 000 долларни ташкил этган бўлса, қилинган ишлар бўйича рағбатлантирувчи мукофотлар ҳажми 10 731 000 долларга тенг экан.

Apple ўтган йилда сотувлар ҳамда бошқа йўналишларда мўлжалдагидан юқорироқ кўрсаткичларга эришган. Натижада компаниянинг раҳбарларига тўловларнинг 179 фоизи ҳажмида қўшимча мукофотлар берилган.

Тим Кук, шунингдек, «бошқа компенсациялар» кўринишида 1 038 259 доллар ҳам олган. Бунга суғурта тўловлари, меҳнат таътили тўлови ва хавфсизлик учун харажатлар кирган. Apple сиёсатига кўра, хавфсизлик юзасидан бош директор хусусий самолётдагина учади. Хулласи калом, корпорациядан унга бир йил мобайнида жами 14 769 259 доллар ажратилган.

ЎҚИНГ: Apple бош акционери ҳам, ниҳоят, Samsung тугмачали телефонини ташлаб iPhone олди, лекин...

Таъкидлаш керакки, юқоридаги суммага Кук олган 100 миллион долларлик Apple акциялари киритилмаган. Ўтган йилнинг августида у компаниянинг 131,7 миллион долларлик акцияларини сотиб юборган эди.

Таққослаш учун: 2019 йили Тим Кук бирмунча камроқ – 11,5 миллион доллар даромад кўрган. Bloomberg ҳисоботига кўра, 2020 йил давомида Кукнинг шахсий сармояси 1 миллиард доллардан ошган.

Дарвоқе, юқоридаги жадвалга эътибор берсангиз, Apple’нинг бошқа раҳбарлари, жумладан Лука Маэстри, Кейт Адамс ҳамда Жефф Уильямс ҳар бири 26 миллион доллардан ошиқ даромад кўришган. Яъни, уларнинг компаниядан олаётган пуллари бош директорникидан ҳам анча юқори.

ЎҚИНГ: Тим Кукдан ҳам икки баравар кўп маош олувчи ходим Apple’ни ташлаб кетди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.