Apple ўзининг М1 процессори базасида iPad Pro ва турфа рангли iMac’лар тақдим этди

  •   DiMaX
  •  337
  •  22.04.2021 17:07

Apple ўзининг М1 процессори базасида iPad Pro ва турфа рангли iMac’лар тақдим этди

Жорий йилнинг 20 апрель куни бир неча йил кутилган AirTag (ёки AirTags) трекери тақдим этилгани ҳақида хабар бериб, видеосини ҳам улашган эдик. Apple ўша куни яна ўзининг М1 процессорига эга янги компьютер ва планшетларини ҳам намойиш қилган, деб ёзади Daryo.

ЎҚИНГ: Mac компьютерлари учун Apple ўзининг M1 русумли илк ARM-процессорини тақдим этди

Бу галги iMac компьютерлари корпусининг қалинлиги 11,5 миллиметрни ташкил этади. Кумуш рангига яна олти хил ранг қўшилган: сариқ, коралл, қизил, бинафша, яшил ва кўк. iMac 24 дюймли 4,5К-дисплей, FaceTime HD-камера, овоз студиясига хос микрофон ва олтида динамикдан иборат овоз тизимига эга бўлган.

Шунингдек, компьютерларда биринчи бор Touch ID функцияси пайдо бўлган, масалан, тўловлар авторизациясини бармоқ изи ёрдамида амалга оширса бўлади. У Apple клавиатурасига ўрнатилган бўлиб, уни ҳам янги iMac’лар рангига мос равишда харид қилиш мумкин.

Янги iMac компаниясининг ўзини процессорига эга бўлган биринчи моноблокка айланди. Бунга қадар M1 MacBook Air, MacBook Pro ва Mac Mini’га ўрнатилган. Моноблок тўрт хил рангда 1299 доллар қийматида сотувга чиқади, етти хил рангли ва қўшимча опцияларга эга версиясини эса 1499 доллардан харид қилиш мумкин. Буюртмаларни қабул қилиш 30 апрелдан бошланади. Етказиб бериш майнинг иккинчи ярмига режалаштирилган.

ЎҚИНГ: 2021 йилнинг бошидаги энг хавфли компьютер вируси маълум бўлди

Apple, шунингдек, тақдимот давомида iPad Pro планшетларининг бешинчи авлодини намойиш этган бўлиб, унга ҳам М1 процессори ўрнатилган. Қурилма ташқи кўриниши жиҳатидан ўзгармаган бўлиб, унинг 11 ва 12,9 дюймли версиялари тақдим этилади. Катта iPad Pro’нинг матрицаси миниLED инқилобий технологияси асосида яратилган.

Максимал ички хотираси 2 терабайтга етади, USB-C порти эса Thunderbold4’ни қўллаб-қувватлайди.

iPad Pro планшетлари бешинчи авлод алоқа тармоқлари билан ишлай олади. Яна бир янгилик — фронтал камераси 12 мегапикселни ташкил этган. Қурилманинг 11 дюймли версиясини 800 долларга, 12,9 дюймлисини эса 1099 долларга олдиндан буюртма қилиш мумкин.

Булардан ташқари, Apple iPhone 12’ни янги рангда — бинафша рангида тақдим этди. У ўз линейкасидаги смартфонлардан рангидан бошқа ҳеч қандай жиҳати билан ажралиб турмайди. Гаджетнинг нархи ҳам аввалгидек.

Дарвоқе, инсайдерлар кузда чиқадиган iPhone 13 mini смартфонини аллақачон «жонли» суратда, шунингдек iPhone 12 mini билан таққослаб ҳам кўрсатишган.

ЎҚИНГ: Нархи тезда тушиб кетмайдиган саккизта смартфон (2021 йил, апрель)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!