Барчамизга керакли бенчмаркни Google Play’дан ўчириб юборишди!

  •   DiMaX
  •  936
  •  09.03.2020 11:34

Барчамизга керакли бенчмаркни Google Play’дан ўчириб юборишди!

Смартфонлар самарадорлигини синовчи энг машҳур бенчмарклардан бўлган AnTuTu иловаси кутилмаганда Google Play каталогидан олиб ташланди. Бунинг сабабини ушбу сервис дастурчилари аллақачон эълон қилишди.

ЎҚИНГ: Ўз эгаларини рози қилган ТОП-10 смартфон (AnTuTu рейтинги, 2020 йил февраль)

Бенчмарк яратувчиларининг айтишларича, Google ушбу оммабоп илованинг ўчирилиб юборилишига сабаб қилиб унинг Cheetah Mobile компаниясига қарашли эканини кўрсатган. Мазкур компаниянинг бир қатор бошқа дастурлари ҳам аввалроқ Google Play’дан олиб ташланган эди. Сабаби – Cheetah Mobile ушбу каталогда илова эълон қилиш сиёсатини бузган; жумладан, махфийлик ва иловада реклама кўрсатиш масалаларида Google талабларига амал қилмаган.

Бунинг натижасида эса Android-иловалар дўконидан бир вақтнинг ўзида AnTuTu 3DBench, AnTuTu Benchmark ҳамда AITUTU Benchmark дастурлари ўчириб ташланган.

ЎҚИНГ: ТОП-10: Бу гал энди энг кучли смартфонлар бошқа! (AnTuTu рейтинги, 2020 йил февраль)

AnTuTu вакиллари аллақачон мазкур айбловнинг асоссиз эканини айтиб баёнот билан чиқишди. Уларнинг таъкидлашларича, Antutu ҳали 2011 йилда – ҳаттоки Cheetah Mobile таъсис этилмасидан ҳам олдин яратилган эди. 2014 йилга келибгина у Cheetah Mobile акционери бўлган, шунда ҳам унинг шўъба корхонаси эмас.

«Бизнингча, Google хато қарорининг сабаби – биз Cheetah Mobile юридик хизматларидан фойдаланганимиздир, шунинг учун ҳам бизнинг махфийлик сиёсатига элтувчи ҳаволамизда cmcm.com манзили қўлланган. Ҳозирда биз бу муаммо устида ишлаяпмиз ва юридик ҳамкорни алмаштиришни режалаштиряпмиз. Умид қиламизки, Google ҳам Antutu маълумотларини батафсил ўрганиб чиқиб, ушбу тушунмовчиликни имкон қадар тезроқ бартараф этади», дейди Antutu глобал маркетинг бўйича менежери Амели Лю.

Google вакиллари ҳозирча ушбу ҳолат юзасидан расман маълумот беришмаган.

ЎҚИНГ: Ушбу 17 та иловани смартфонингиздан ҳозироқ ўчиришингиз керак!