COVID-19 юқтирганларга «жосус» иловали смартфонлар беришади!

  •   DiMaX
  •  792
  •  01.04.2020 17:37

COVID-19 юқтирганларга «жосус» иловали смартфонлар беришади!

Ўзбекистонда коронавирус туфайли карантинда назоратда бўлган фуқароларнинг смартфонлари олиб қўйилиши сабабларини эълон қилганмиз. Россияда эса бошқачароқ амалиёт қўлланмоқда.

ЎҚИНГ: Telegram’да коронавирус ҳақида ёлғон тарқатган депутатга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Аввало, бир жиҳатга эътибор қаратсак: биздаги тартибдан фарқли равишда, Россияда коронавирус юқтирганлиги аниқланган, аммо аҳволи оғир бўлмаган кишиларнинг ўз уйларида даволанишларига рухсат берилади. Хабарларга кўра, Москвада бундай беморларга ўз смартфонларига «Ижтимоий мониторинг» номли махсус трекер иловани ўрнатиб олиш тавсия этилади. Бунинг имкони бўлмаса, уларга ушбу дастур ўрнатилган смартфонлар берилади ва шунинг ёрдамида уларнинг қаерларга боришлари назорат қилиб турилади.

Москва маъмуриятининг Ахборот технологиялари департаменти раҳбари Эдуард Лисенко бу ҳақда «Эхо Москвы» радиосига берган интервьюсида эфирда айтиб ўтган, деб ёзади РБК. Мазкур чора Москвада карантин бекор қилингунига қадар амал қилади, кейин смартфонлар қайтариб олинади. Шунингдек, беморларга тақдим этиладиган гаджетларнинг қайси русумдаги телефонлар бўлиши айтилмаган.

ЎҚИНГ: Мобил иловали тезкор коронавирус тести яратилди

«Ижтимоий мониторинг» иловаси App Store ҳамда Google Play каталогларига 2 апрелдан чиқиши керак, деган Лисенко. Унинг Android-версияси аллақачон тақдим этилганди, аммо фойдаланувчилар уни ўта паст баҳолашган, натижада ҳозирда иловалар дўконидан уни юклаб олиш имконини тўхтатиб қўйишган.

Ушбу дастурнинг кўпчиликка ёқмаган жиҳати – у фойдаланувчига билдирмасдан, унинг жуда кўп маълумотларини тўплар экан. ишга туширишдан аввал у смартфон орқали деярли барча маълумотларни олишга рухсат сўрайди – жойлашув, камера, қўнғироқлар, файллар тизими, Bluetooth, Wi-Fi...

Булар ҳам камлик қилгандек, «Ижтимоий мониторинг» аккумулятор қувватини жуда кўп сарфлайди, яна эгасидан сўрамасдан қурилмани уйқу режимидан чиқаради. Айримларнинг фикрича, шу жиҳатлари сабабли у App Store текширувидан ўта олмаса ҳам керак.

ЎҚИНГ: Ушбу 17 та иловани смартфонингиздан ҳозироқ ўчиришингиз керак!