Telegram’да коронавирус ҳақида ёлғон тарқатган депутатга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

  •   DiMaX
  •  375
  •  01.04.2020 11:34

Telegram’да коронавирус ҳақида ёлғон тарқатган депутатга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Ўзбекистонда жамоатчиликни коронавирус тўғрисида аниқ маълумотлар учун расмий веб-сайт ташкил қилинган. Шунингдек, Telegram расман тасдиқлаган «Koronаvirus info» канали ҳам мавжуд. Шунга қарамасдан, айримлар бу касаллик ҳақида нотўғри маълумотлар тарқатишмоқда.

ЎҚИНГ: Тармоқларнинг ўзбек сегментида тарқалган коронавирус ҳақидаги 7 ёлғон

Эсингизда бўлса, аввалроқ ижтимоий тармоқларда коронавирус ҳақида ёлғон маълумот тарқатгани учун сурхондарёлик юртдошимиз жаримага тортилган, қашқадарёлик фойдаланувчига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланган эди. Шунга ўхшаш навбатдаги ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов ўз Telegram-канали орқали хабар бермоқда.

Унга кўра, 2020 йил 28 март куни Қўқон шаҳар, А.Т.Хуқандий мавзесида яшовчи Х.Н. (1979 й.т., хусусий корхона раҳбари, Халқ депутатлари Қўқон шаҳар кенгаши депутати) Республика Махсус комиссиясининг карантин қоидаларини қўпол равишда бузган. Яъни, у Telegram мессенжерида очилган гуруҳлар аъзоларига Қўқон шаҳрида 2 нафар шахсда коронавирус касаллиги аниқланганлиги ва улар карантинга олинганлиги ҳақида жонли тарзда аудио ёзуви орқали ҳақиқатга тўғри келмайдиган уйдирма ва ёлғон маълумотларни тарқатган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан 2020 йил 31 март куни Кенгашдан розилик олинган ҳолда, Х.Н.га нисбатан Жиноят кодексининг 244-5-моддаси (Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ЎҚИНГ: Мобил иловали тезкор коронавирус тести яратилди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!