Эски ва заиф компьютерлар учун 1,44 МБлик флоппи-дискка ҳам сиғадиган операцион тизим яратилди!

  •   DiMaX
  •  665
  •  25.05.2021 12:03

Эски ва заиф компьютерлар учун 1,44 МБлик флоппи-дискка ҳам сиғадиган операцион тизим яратилди!

Кшиштоф Кристиан Янковски исмли польшалик дастурчи ўта ихчам ҳажмли оригинал Linux жамланмасини ишлаб чиқди. Floppinux номини олган бу дистрибутив техник хусусиятлари паст, эскирган компьютерларда қўллашга мўлжалланган.

ЎҚИНГ: Билл Гейтс қовун туширди: қайси мобил операцион тизимни яхши кўришини бошқа тизимли қурилмасида айтди!

Шу турдаги бошқа дистрибутивлардан фарқли равишда, Floppinux замонавий – 2021 йилнинг 16 майида чиққан 5.13.0-rc2 рақамли Linux ядроси асосида тайёрланган. У имкон қадар минимал даражага туширилган кодлар термасига эга, TTY тизимостини, printk функциясини, ELF файллар форматини қўллаб-қувватлайди ҳамда RAM-дисклар билан ишлай олади. Жамланма таркибига операцион тизим билан базавий даражада ўзаро таъсирлашиш учун энг зарур бўлган утилиталар, ash буйруқ қобиғи ҳамда бошқа фойдали жиҳозлар кирган.

Дистрибутив ижодкорининг сўзларига кўра, бундай Linux версияси ҳаттоки Intel 80486DX процессорида ҳам ишлай олади. Бунда тизимнинг тўғри фаолияти учун атиги 24 мегабайтлик тезкор хотира кифоя қилади. Замонавий компьютерларда флоппи-дисковод йўқ; бундай қурилмаларда Floppinux дистрибутивини QEMU эмулятори орқали ҳам ишга туширса бўлади.

Дастурчи аллақачон Floppinux ҳужжатларини ва x86-тизимлар учун тайёр образини эълон қилган. Бундан ташқари, Янковски дискеталарда чиқарилувчи Nomad Diskmag номли ўз журналига ҳам асос солмоқчи эканини айтган. Ушбу оригинал нашрнинг ҳар бир сонини тегишли дисководи мавжуд бўлган ҳар қандай компьютерда ўқиш мумкин бўлади.

Дарвоқе, «Охирзамон компьютери» ҳамда «Охирзамон операцион тизими» ҳақидаги маълумотлардан хабарингиз бормиди?

ЎҚИНГ: Атиги 188 долларлик мини-компьютер Windows, Linux ва Arduino билан ишлай олади! (+видео)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.