«Группага одам қўш ва пул ишла»: интернет-фирибгарларнинг янги туридан сақланинг!

  •   DiMaX
  •  2614
  •  09.12.2019 10:35

«Группага одам қўш ва пул ишла»: интернет-фирибгарларнинг янги туридан сақланинг!

Ҳозирги пайтда интернет-фирибгарлар урчиб кетган ва уларнинг ҳийлалари ҳақида бир неча хабарлар чиқарганмиз. Таниқли блогер Нурбек Алимов шундай найрангбозларнинг янги бир схемаси ҳақида маълумот берган.

ЎҚИНГ: Интернет-фирибгарлар «ошиқ» ўсмирларни «илинтира» бошлашди

Хуллас, ҳозир Telegram ва бошқа мессенжерларда, ижтимоий тармоқларда кўп учраётган «Группага одам қўш ва пул ишла» деган схема бор, кўпчилик кўрган бўлса керак. Аслида бу – ғирт фирибгарлар томонидан ишлатиладиган енгил схема.

Сиз группага одам қўшасиз ва бироз ўтиб сизга «Группа Админ» деган ҳийлагар ёзади. «Сиз группага одам қўшганингиз учун фалон сумма ютиб олдингиз, карта рақамингизни юборинг», дейди. Карта рақамидан кейин картангизнинг амал қилиш муддатини ҳам сўрайди (энг қизиғи – пул ўтказиш учун бу муддат мутлақо керак эмас!), ундан кейин эса сиздан телефонингизга келган кодни сўрайди. Агар мана шу кодни ҳам берсангиз – тамом, ҳисобингизда бор пуллар билан ҳам хайрлашаверинг!

Юқоридаги расмда реал вазият акс этган, фирибгарнинг гапини қаранг: «инновацион янги лойиҳа» эмиш! Бу укамиз бирпасда карта рақамини ташлаб бергани ҳам кулгили.

ЎҚИНГ: Фирибгарлар қармоғи. Пластик картадаги пулларингиз жойидами?

Нима қилиш керак?

Агарда сизга ҳам шундай хат келса, биринчи навбатда хатни ёзган одамнинг профилига киринг, расмлари бўлса сақлаб олинг, телефон рақами чиқса (бундай бўлиши эҳтимолдан анча йироқ) сақлаб олинг, никнеймини ҳам.

Кейин, жавоб ёзишдан олдин, «Қандай танловда қатнашган эдим ўзи?» деб ўйланг. «Одам қўш ва пулли бўл» каби лойиҳалар мутлақо ҳийла. ФИРИБГАР! Ҳеч қачон карта рақамингизни ҳам, амал қилиш муддатини ҳам, ва айниқса, картангизга уланган телефон рақамига келадиган кодни бировга берманг!

Бундан ташқари, «Мен фалонча пул топдим, сиз ҳам шундай бой бўлишни хоҳлайсизми?» деб бошланган ҳар қандай реклама ва видеолар бу – фирибгарликдир. Ҳеч ким ўзининг гуллаб-яшнаётган бизнесини биров билан бўлишмайди. Аҳмоқ бўлманг!

«Буни биламан мен», деб ўйлашингиз мумкин. Лекин билмаганлар кўплиги ва шу ҳийлагарлар одамларнинг пулларини ҳақиқатда ўғирлашаётгани боис ҳам кўпайиб кетишди булар. Демак – модомики лақмалар бор экан, тегишлича уни шилувчи фирибгар ҳам топилади. Бу нарсада банкларнинг асло айби йўқ. Ҳамма айб сизнинг ўзингизда бўлади.

Бундай жирканч инсонларнинг жойи эса албатта қамоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар шуларга нисбатан янада кучли кураш олиб боришади, деган умиддамиз. Аммо сиз ҳам зийрак бўлинг, дўстим. «Ўз пулингни ўзинг асра!»

Бу маълумотни дўстларингиз ва яқинларингизга ҳам улашинг, айниқса ёши катта инсонларга, дейди блогер.

ЎҚИНГ: Beeline абонентларга фирибгарлардан етказилган зарарни қоплайди!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.