Ҳали тақдим этилмаган iPhone 8’нинг сифатли фотосуратлари!

  •   DiMaX
  •  1796
  •  11.05.2017 10:35

Ҳали тақдим этилмаган iPhone 8’нинг сифатли фотосуратлари!

Мобил бизнеснинг анча нуфузли манбаларидан бири – @OnLeaks ўзининг твиттерида iPhone 8’нинг бир неча фотосуратларини эълон қилди. Бу расмлар Apple’нинг навбатдаги смартфони ташқи кўриниши ҳақида тасаввур берувчи бугунги кундаги энг ишончли манбалардандир.

Расмлар CAD-дизайнларга асосланганлиги, яна @OnLeaks шу пайтгача ҳам ҳали расман тақдим этилмаган кўплаб қурилмаларнинг рендерларини эълон қилиб адашмаганлигини инобатга олсак, булар – чиндан ҳам iPhone 8’нинг фотосуратларидир.

Турли манбалардан олинган маълумотларга кўра, Apple компанияси iPhone 8’нинг бир нечта прототипини тажриба қилиб кўрган. Шу боис, смартфоннинг якуний версияси қуйидаги вариантидан фарқланиши ҳам мумкин.

Таъкидланишича, янги «олмафон»нинг ўлчамлари тахминан 143,5×70,9×7,7 мм.га тенг. 5,8 дюймга тенг диагоналли OLED-дисплей эса ромсиз бўлиб, «виртуал» Home тугмачасини ҳам ўз ичига олади.

Смартфоннинг орқа панелида эса, афтидан, вертикал жойлашган қўш камера бўлади. Шунингдек, бармоқ изи сканери ҳам, агарда экран остига жойлаштирилмаса, орқа панелдан ўрин олади.

Таҳлилчилардан айримлари, iPhone 8 шу йилнинг июнидаёқ, яъни WWDC 2017 конференциясида намойиш этилишини айтишмоқда. Аммо Apple ўз анъанасига содиқ қолган ҳолда, уни сентябрда тақдим этиши эҳтимоли юқорироқ.

Эслатиб ўтамиз, Apple аллақачон iPhone 8’ни оммавий ишлаб чиқаришга тайёргарлик кўрмоқда. Аввалига янги қурилманинг чизмаларини кўрдик, кейин эса шу чизмаларга асосланган смартфон концептлари эълон қилинди. Сўнгроқ бўлса iPhone 8 реал макетининг iPhone 7 билан қиёсланган видеотавсифини ҳам кўришга муяссар бўлдик.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!