Махфий селфи-камерали илк смартфон – ZTE Axon 20 5G тақдим этилиб, аллақачон ҳафсалани пир қилди!

  •   DiMaX
  •  1269
  •  02.09.2020 12:16

Махфий селфи-камерали илк смартфон – ZTE Axon 20 5G тақдим этилиб, аллақачон ҳафсалани пир қилди!

ZTE компанияси, ўзи ваъда қилганидек, 1 сентябрь куни Axon 20 5G моделини тақдим этди. У олд камераси дисплейнинг ортига яширилган илк тижорий смартфон сифатида бозорга чиқяпти.

ЎҚИНГ: Яширин кузатув ваҳимасидан буткул халос этувчи смартфон чиқди

Axon 20 5G диагоналига 6.92 дюймлик OLED-дисплей билан жиҳозланган ва у DCI-P3 ранг қамровини 100% қоплаган. Экраннинг тасвир аниқлиги 2460х1080 пикселга тенг, бу эса Full HD+ форматига тўғри келади. Дисплейда кадр янгиланиш частотаси 90 герцлик бўлса, сенсор қоплами нақ 240 герцлик частотада янгиланади. Замонавий трендларга мос тарзда, дактилоскоп ҳам экраннинг ўзига интеграция қилинган.

Кутилганидек, Axon 20 5G моделининг асосий ўзига хослиги – экраности камера ҳисобланади. ZTE вакилларининг сўзларига кўра, бунга эришиш учун юқори даражадаги шаффофликка эга материал, қўш бошқарувли чип, ўзига хос драйвер схемаси ҳамда матрицада пикселларнинг ўзгача жойлашуви орқали эришилган. Шунингдек, улар 32 мегапикселлик селфи-камера учун ўзига хос янги алгоритмлар ҳам ишлаб чиқишган.

Дарвоқе, шу ўринда эслаб ўтиш ўринли: биринчи шаффоф телевизор – Xiaomi Mi TV Lux Transparent Edition дисплейида ҳам пикселларнинг ўзига хос жойлашуви қўлланган.

ЎҚИНГ: Xiaomi дунёдаги илк шаффоф телевизорнинг асосий сирини ошкор этди

Axon 20 5G моделига қайтадиган бўлсак, бошқа жиҳатларига кўра у ўрта нарх тоифасидаги оддий смартфондир. Девайснинг «электрон юраги» сифатида Qualcomm Snapdragon 765G процессори танланган. Бешинчи авлод уяли алоқа стандартини қўлловчи мазкур чипсет таркибида Adreno 620 график тезлатгичи мавжуд. ZTE бу смартфонини 6 ва 8 гигабайтлик тезкор ҳамда 128 ва 256 гигабайтлик доимий хотира билан чиқаряпти.

Бош камерага келсак, унинг асосий модули 64 мегапикселлик, иккинчи – кенг бурчакли объектив билан бирлашган сенсори эса 8 мегапикселлик аниқликка эга. Шунингдек, квадрокамера жамланмасига ҳар бири 2 мегапикселлик макрокамера ҳамда саҳна чуқурлигини аниқлаш датчиги ҳам кирган.

ZTE Axon 20 5G аккумуляторининг ток сиғими 4 220 мА/соатлик бўлиб, унга 30 ваттлик Quick Charge 4+ тезкор қувватлаш технологияси татбиқ этилган. Смартфонда маълумот алмашиш ҳамда зарядлаш учун замонавий USB-C порти мавжуд.

Қурилманинг корпуси ўлчамлари 172,1х77,9х7,9 миллиметр, вазни эса 198 грамм келади. ZTE бу моделига Android 10 операцион тизим талқини базасидаги MiFlavor 10.5 график қобиғини ўрнатган. Уни харидорларга бинафша ранг, зарғалдоқ, кўк ва қора корпусларда таклиф этишяпти.

Axon 20 5G учун олдиндан буюртма олиш аллақачон бошланган; 10 сентябрдан уни Хитойда очиқ савдога ҳам чиқаришади. Нархларига келсак, тезкор/ички хотира ҳажмига кўра қуйидагича:

6/128 гигабайтлиги – $322 (2 198 юань);

8/128 гигабайтлиги – $366 (2 498 юань);

8/256 гигабайтлиги – $410 (2 798 юань).

Шуниси ҳам борки, юқоридаги расмларнинг барчаси Axon 20 5G моделининг рендер суратларидир. Кечанинг ўзида унинг «жонли» расмлари ҳам тарқалган ва уларда яширин олд камера барибир билиниб қолганлиги кишининг ҳафсаласини пир қилади:

Эслатиб ўтамиз, Xiaomi ундан ҳам аввал экраности камера (ёки яширин камера) қўлланувчи смартфонини «жонли» видеода кўрсатган эди. Компаниянинг ўзи тақдим этган реклама видеосидан ташқари, кейинчалик хитойлик бир техноблогер шу технологияга эга смартфонни ўзи «жонли» тарзда, маркетинг безакларисиз видеога олиб эълон қилган. Унинг қўлида «Хитойча Apple»нинг юбилей суперфлагмани – Xiaomi Mi 10 Ultra моделининг махсус версиясини кўрамиз.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 10 Ultra’да яширин камера қандай ишлашини «жонли» видеода томоша қиламиз!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!