Realme V5 тақдим этилди – Honor 30’га ўхшаш, лекин унинг ярим нархидаги 5G-смартфон!

  •   DiMaX
  •  874
  •  03.08.2020 17:32

Realme V5 тақдим этилди – Honor 30’га ўхшаш, лекин унинг ярим нархидаги 5G-смартфон!

OPPO компаниясининг суббренди бугун Хитойда ўзининг ҳамёнбоп V-сериясиг мансуб илк смартфонини тақдим этди. Realme V5 деб номланган янги қурилма қиёфаси хитойлик техногигантнинг Honor 30 моделига ўхшайди.

ЎҚИНГ: Honor 30, 30 Pro ва 30 Pro+ тақдим этилди: 424 доллардан бошланувчи 5G-флагманлар!

Realme V5 шиша корпусда ишлаб чиқарилмоқда, кул ранг туслисининг орқа панелида бренд номи улкан ёзув қилиб, бошқа ранглиларида эса ихчамроқ шаклда туширилган.

Компания мазкур моделини 6,5 дюймлик LCD-экран билан жиҳозлаган; унинг юқори чап бурчагида 16 мегапикселлик олд камера туйнуги бор. Дисплейнинг тасвир аниқлиги Full HD+ форматида (1080х2400 пикселлик), кадр янгиланиш частотаси 90 герцлик, сенсор қатлами эса 180 герцлик частотага эга. Смартфон экрани корпус олд юзасининг 90,7 фоизини эгаллаган.

Realme V5 модели MediaTek компаниясининг икки ҳафта аввал тақдим этилган Dimensity 720 процессори базасида ишлайди. Мазкур чипсет 7 нанометрлик технологик жараён асосида тайёрланган бўлиб, юқори самарадорликдаги (2 гигагерцлик) иккита ARM Cortex-A76 ядросини, яна шундай такт частотали олтита Cortex-A55 ядросини ўз ичига олган. Шунингдек, унинг жамланмасига sub-6GHz тармоқларида ишловчи 5G-модем ва Arm Mali-G57 MC3 график тезлатгичи ҳам кирган.

Realme V5 смартфони Dimensity 720 чипли илк қурилма сифатида майдонга тушмоқда. Уни LPDDR4X стандартидаги тезкор хотираси 6/8 гигабайтлик, ички хотираси эса бир хил – 128 гигабайтлик вариантларда таклиф этишади. Ҳар иккала ҳолатда ҳам 256 гигабайтгача ҳажмли microSD хотира картаси қўйиш имкони мавжуд.

Realme V5 аккумуляторининг ток сиғими 5000 мА/соатлик бўлиб, у замонавий USB-C порти орқали 30 ваттлик тезкор қувватлана олади.

ЎҚИНГ: Realme C15 чиқди – квадрокамерали ва батареяси 6000 мА/соатлик арзон смартфон!

Смартфоннинг бош камераси 4 модулдан иборат: асосий сенсор 48 мегапикселлик, 119 даражадаги ўта кенг бурчакли объектив билан бирикккан иккинчи датчик эса 8 мегапикселлик. Квадрокамера жамланмасидаги учинчи модул 2 мегапикселлик бўлиб, 4 сантиметрлик масофадан ҳам фокус олувчи макролинзага эга. Ва ниҳоят, тўртинчи – чуқурлик датчиги 2 мегапикселлик аниқликда.

Realme V5 қадоқданоқ Android 10 операцион тизими устига қурилган Realme UI график қобиғи билан тақдим этилмоқда. Гаджетнинг корпуси p2i стандртига кўра сув сачрашидан ҳимояланган. Ўлчамлари 162,2х75,1х9,1 миллиметрлик бўлиб, вазни 194 граммга тенг.

Девайсга Hi-res audio ҳамда Dolby Atmos технологияли динамиклар, стандарт қулоқчин тирқиши ўрнатилган. Бармоқ изи сканери эса корпуснинг ён қиррасига жойланган.

Realme V5 ўз ватанида 7 августдан бошлаб кўк, яшил ва кул ранг корпусларда сотувга чиқади. Унинг бошланғич – 6/128 ГБ тезкор/ички хотирага эга варианти учун 214 доллар, ундан илғорроқ – 8/128 гигабайтлик талқини учун эса 272 долларга тенг нарх белгиланган.

ЎҚИНГ: Қайси смартфонлар ишлатилса ҳам нархини кўп йўқотмайди?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!