Redmi Note 9T билан бирга яна бир «автономлик монстри» – Redmi 9T ҳам чиқди! (+«жонли» видео)

  •   DiMaX
  •  2732
  •  09.01.2021 13:13

Redmi Note 9T билан бирга яна бир «автономлик монстри» – Redmi 9T ҳам чиқди! (+«жонли» видео)

Xiaomi 8 январь куни Испанияда ўзининг Redmi Note 9T русумли янги смартфонини намойиш этиши маълум эди. Кутилмаганда корпорация у билан бирга янада арзон Redmi 9T моделини ҳам жамоатчиликка кўрсатди.

ЎҚИНГ: Redmi Note 9T намойишидан аввал Redmi 10T сотувга чиқди. Xiaomi ҳайратда!

Redmi Note 9T аслида буткул янги қурилма эмас, балки ноябрда Хитойда тақдим қилинган ҳамёнбоп Redmi Note 9 5G моделининг глобал версиясидир. Унинг «электрон юраги» – бешинчи авлод уяли алоқа тармоқларини қўлловчи MediaTek Dimensity 800U процессоридир.

Гаджетнинг корпус ўлчамлари 161,96х77,25х9,05 миллиметрни ташкил этади, вазни эса 199 граммга тенг. Компания уни стереодинамиклар, стандарт қулоқчин тирқиши, замонавий USB-C порти билан таъминлаган.

Бу смартфоннинг экрани диагоналига 6,53 дюймлик, тасвир аниқлиги Full HD+ форматида. Redmi Note 9T тезкор хотираси 4 гигабайтлик, доимий хотираси эса 64 ва 128 гигабайтлик вариантларда таклиф этилади. Аккумулятор ток сиғими 5000 мА/соатлик бўлиб, 18 ваттлик тезкор қувватлана олади.

Redmi Note 9T бош камераси учта датчикни ўз ичига олади: 48 МП (диафрагмаси F/1,79 бўлган олти унсурли объектив), 2 МП (макрокамера) ҳамда 2 МП (саҳна чуқурлиги сенсори).

Xiaomi бу маҳсулотини бинафшаранг ва қора тусли корпусларда, 64 гигабайтлигини 230 евро ва 128 гигабайтлигини 270 евро нархида таклиф этади. Биринчи партия харидорларига эса чегирма берилмоқда – улар смартфонни тегишлича 200 евро ёки 250 еврога олишлари мумкин.

ЎҚИНГ: Xiaomi’нинг «енгиллаштирилган» флагмани – Mi 11 Lite хусусиятлари ва нархи

Redmi 9T моделига келсак, у Snapdragon 662 базасида ишлайди, яъни 5G тармоғини қўллаб-қувватламайди. Бу ҳам яп-янги модел эмас, балки олдин чиққан смартфоннинг глобал бозор учун ребрендинг қилинган версиясидир.

Redmi бренди ноябрнинг охирроғида Хитойда Redmi Note 9 4G моделини тақдим қилган бўлиб, кейинроқ шу моделни айрим ўзгаришлар билан Redmi 9 Power русумли смартфон сифатида Ҳиндистонда намойиш этган эди. Булардан сал олдинроқ у Poco (ёки POCOPHONE) бренди остида Poco M3 номли телефонини тақдим этган ва Испанияда намойиш этилган Redmi 9T ҳам шуларнинг глобал бозорга мўлжалланган клонидир.

Бу девайс диагоналига 6,53 дюймлик, Full HD+ форматидаги дисплей билан жиҳозланган. Redmi 9T моделининг асосий афзаллиги – нақ 6000 мА/соатлик аккумуляторидир – у 18 ваттлик тезкор қувватланишдан ташқари, бошқа гаджетларга қувват узатишга ҳам қодир.

Redmi 9T бош камераси ҳам Redmi Note 9T моделидаги каби, селфи учун эса 8 мегапикселлик сенсор кўзда тутилган. Қуйидаги «жонли» видеода шу икки смартфон ўзаро таққослаб кўрсатилган:

Ушбу арзон смартфон корпуси 162,3х77,3х9,6 миллиметрлик бўлиб, 198 грамм тош босади. Унда иккита SIM-карта уячасидан ташқари, microSD-карта учун алоҳида слот мавжуд. Шунингдек, қурилманинг инфрақизил порти уни турли маиший техника жиҳозлари учун пульт сифатида қўллаш имконини беради.

Redmi 9T кўк, зарғалдоқ, кул ранг ва яшил тусли корпусларда сотувга чиқади. Унинг тезкор/ички хотираси 4/64 гигабайтлик варианти учун 160 евро, 4/128 гигабайтлиги учун эса 180 евро миқдорида нарх белгиланган.

ЎҚИНГ: Redmi Note 10 Pro 4G ҳам тайёр: унинг нимаси Galaxy Note 20 Ultra’дан олинган?