Samsung’нинг яна бир 6000 мАс аккумуляторли ҳамёнбоп смартфонини Geekbench фош этди

  •   DiMaX
  •  1044
  •  25.05.2021 12:45

Samsung’нинг яна бир 6000 мАс аккумуляторли ҳамёнбоп смартфонини Geekbench фош этди

Жанубий кореялик техногигант кейинги йилларда арзон ҳамда ўрта нарх тоифасига мансуб смартфонларида ток сиғими катта бўлган батареялар билан жиҳозламоқда. Масалан, бултур баҳорда у 6000 мА/соатлик аккумулятори туфайли «Ваттомонстр» лақабини олган Galaxy M21 смартфонини тақдим этган. Кейинроқ эса...

ЎҚИНГ: Samsung иккита арзон ва «бели бақувват» смартфонини кучайтириб чиқарди

Охирги кунларда яна бир – Samsung Galaxy M22 русумли смартфон ҳақида хабарлар тарқалмоқда: компания уни тайёрлаб, Geekbench сервисида текшириб ҳам кўрган. Бенчмарк ушбу қурилманинг модел рақами SM-M225FV эканлигини ва асосий техник хусусиятларини тасдиқлаган.

Тест пайтида маълумотлар базасига тушиб қолган қайдларга кўра, Samsung Galaxy M22 смартфони MediaTek Helio G80 процессори, 4 ГБлик тезкор хотира ҳамда Android 11 операцион тизимига эга. Бенчмаркда у якка ядроли имтиҳонда 374 балл олган бўлса, барча ядроларини ишлатганида 1361 баллик натижа кўрсатган.

ЎҚИНГ: One UI 4.0 (Android 12) гача янгиланувчи Galaxy'лар рўйхати билан танишамиз

Бунгача тарқалган инсайдерлик маълумотларига қараганда, Galaxy M22 аккумулятори ҳам 6000 мА/соатлик бўлади. Samsung уни диагоналига 6,4 дюймлик, олд камера учун «U» шаклидаги кемтикка эга бўлган SuperAMOLED дисплей билан таъминлаяпти.

Янги смартфоннинг бош камерасида 48 мегапикселлик асосий сенсор қўлланади. Galaxy M21 моделида ҳам шунақа датчик эканини ҳисобга олсак, Galaxy M22 ўз «аждод»идан унчалик кўп фарқ этмаслигини англаймиз.

Galaxy M22 қурилмаси кейинги ойда Европада расман намойиш этилиши ва бозорга чиқарилиши кутилмоқда. Миш-мишларга кўра, Samsung уни қора, кўк ва оқ рангли корпусларда, 230 евродан бошланувчи нархда сотади.

ЎҚИНГ: Ўз смартфонидан Galaxy фойдаланувчилари кўпроқ қониққанми ёки iPhone ишлатадиганлар?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.