Tesla бир йиллик электрокар савдосидан кўра бир ойда биткоинда кўпроқ даромад олди!

  •   DiMaX
  •  515
  •  22.02.2021 09:51

Tesla бир йиллик электрокар савдосидан кўра бир ойда биткоинда кўпроқ даромад олди!

Илон Маск ташкил этган электромобил компанияси шу йилнинг 31 январь куни биткоин учун нақ бир ярим миллиард доллар миқдорида сармоя киритган эди. Шунингдек, у келажакда ўз электрокарларига криптовалюта билан тўлов қилиш имкониятини ҳам йўлга қўймоқчи эканлигини эълон қилган, натижада биткоин нархи яна рекорд даражага кўтарилган.

ЎҚИНГ: Зўрдан зўр чиқди: Илон Маск энди дунёдаги энг бой одам эмас! (BBI рейтинги, 2021 йил 17 февраль)

Орадан бир ой ҳам ўтмасдан, Tesla компанияси биткоинга тиккан пуллари ортидан катта даромад кўрди. The Times нашри ҳисоб-китобларига қараганда, ўша янгиликдан буён мазкур криптовалюта курси 13 фоизга кўтарилиб, нархи 44 700 доллардан ошиб кетган. Ҳозир эса курс аллақачон 57 минг доллардан ҳам ўтиб, 58 минглик кўрсаткичга қараб кетяпти – бунақаси ҳали бўлган эмас!

Шундай қилиб, агар Tesla ҳозир ҳам ўша пайтда ўзи айтганидек бир ярим миллиард долларгик биткоинга эга бўлса, бу криптопулнинг қийматига аллақачон яна 930 миллион доллар қўшилиб улгурди. Таққослаш учун келтириб ўтсак, бутун бошли 2020 йил мобайнида бу компаниянинг электрокар сотишдан топган даромади «атиги» 721 миллион долларни ташкил этади.

Тўғри, бу даромад ҳозирча «фақат қоғозда», чунки компания ўз биткоинларини сотганича йўқ. Лекин барибир, криптовалюта курси ўша – январнинг охиридаги кўрсаткичга тушмаса керак ва Tesla ўз биткоинларини қачон сотса ҳам, бундан фақат ютади.

ЎҚИНГ: Тошкентда нақ 3 миллион долларлик Bitcoin сотган шахс қўлга олинди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!