Xiaomi бу смартфондан атиги 100 донасини сотувга чиқарди!

  •   DiMaX
  •  2038
  •  28.07.2017 13:05

Xiaomi бу смартфондан атиги 100 донасини сотувга чиқарди!

Хитойнинг илғор смартфонсозларидан ҳисобланмиш Xiaomi компанияси ўзининг Mi 6 флагманини шу йилнинг апрелида тақдим этган ва 28 апрелдан савдога чиқарилган эди. Биз BeCreative билан ҳамкорлигимиз асосида бу девайснинг видеотавсифини ҳам эълон қилганмиз. Кейинроқ – 23 майда эса унинг серҳашам Mi 6 Ceramic талқини сотувга чиқди.

Mi 6 флагманининг тақдимотида Xiaomi компанияси вакиллари смартфоннинг махсус — кумуш корпусли Xiaomi Mi 6 Silver Edition талқини ҳам сотувга чиқишини маълум қилишган эди. Аммо орадан маълум вақт ўтгач, ушбу талқиндаги смартфонлар ишлаб чиқарилмаслиги ҳам мумкинлиги, шу пайтгача ишлаб чиқарилганлари эса смартфон саноати муҳандислигининг юксак намунаси бўлиб қолиши маълум қилинган эди. Хитойдаги кимошди савдосига қўйилган Mi 6 Silver Edition смартфонларидан бири $585 доллар бошланғич баҳосига сотувга қўйилиб, $2490 долларга пулланган эди.

Куни кеча, компаниянинг Mi 5X смартфони ҳамда MIUI 9 операцион тизим қобиғи тақдимотида Xiaomi бош директори Лэй Цзюнь битта янгиликни айтган. Яъни, кумуш корпусли Xiaomi Mi 6 Silver Edition смартфонлари 3 август куни савдога чиқарилар экан, деб ёзади GizmoChina ресурси.

Қизиғи – сотувга флагманнинг мазкур талқинидан атиги 100 донаси чиқарилади. Бунинг сабаби сифатида унинг кумуш корпусини ишлаб чиқариш жараёнининг ўта мураккаб эканлиги айтилган.

Xiaomi Mi 6 Silver Edition талқинидаги смартфонларга 3999 юань, яъни тахминан 593 АҚШ доллари миқдорида нарх белгиланган. Уларнинг кейинги партияси қачон ва қанча миқдорда бўлиши ҳақида маълумот йўқ.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!