Xiaomi’нинг арзончи бренди илк ўйинбоп ноутбукини тақдим этди

  •   DiMaX
  •  933
  •  14.08.2020 15:42

Xiaomi’нинг арзончи бренди илк ўйинбоп ноутбукини тақдим этди

Redmi бренди бугун – 14 август куни геймерларга мўлжалланган илк лаптопини намойиш қилди. Киберпанк услубидаги дизайнга эга девайс Redmi G номини олган.

ЎҚИНГ: Дунёда ҳозир қайси брендлар ноутбуклари энг оммабоп?

Redmi G ноутбукида Intel процессорлари қўлланган ва лаптопнинг версиясига қараб чипсети ҳам, видеокартаси ҳам фарқланади. Лекин тезкор ва доимий хотира барчасида бир хил – тегишлича 16 гигабайт (DDR4-2933 МГц) ҳамда 512 гигабайт (SSD PCIe). Гаджетдаги DDR4 ҳамда M.2 слотлари эвазига унда тезкор хотирани 64 гигабайтгача, ички SSD-хотирани эса 2 терабайтгача каттайтириш мумкин.

Ўйинбоп ноутбукнинг экрани диагоналига 16,1 дюймлик ва тсвир аниқлиги Full HD форматида. Максимал кадр частотаси — 144 герцлик, лекин базавий версиясида атиги 60 герцни ташкил этади.

Redmi G корпусидаги портлар етарлича: USB-C, USB 3.1 Gen2 Type-A, USB 2.0, mini DP 1.4, HDMI 2.0, стандарт қулоқчин тирқиши. Қувватлаш блокининг қудрати 180 ваттни ташкил этади.

ЎҚИНГ: 5G-модемли «чўнтакбоп» ўйин ноутбуки чиқди! (+видеолар)

Янги лаптопни Windows 10 Home операцион тизимининг хитойча талқини билан чиқаришган. Анъаналарга амал қилмасдан, унинг 720 пикселлик веб-камерасини экраннинг устига эмас, балки пастки ромига ўрнатишган. Дарвоқе, дисплейнинг остидаги роми анча энли, қолган уч томони юпқа.

Redmi G яна ичкаридан ёритилувчи клавиатура, ҳар бири 2 ваттлик иккита стереодинамик билан жиҳозланган. Xiaomi унда иккита вентиляторли Hurricane Cooling 2.0 совитиш тизимини қўллаган.

Нархига келсак, процессори ва график картасига қараб Redmi G қуйидагича баҳоланган:

  1. Intel Core i5-10200H, Nvidia GeForce GTX 1650, 60 Гц — $720;
  2. Intel Core i5-10300H, Nvidia GeForce GTX 1650 Ti, 144 Гц — $835;
  3. Intel Core i7-10750H, Nvidia GeForce GTX1650 Ti, 144 Гц — $950.

Redmi G геймербукининг савдоси Хитойда 17 августдан бошланади, унинг бошқа мамлакатлар бозорларига чиқиши ҳақида маълумот йўқ.

ЎҚИНГ: Аллақачон «жанозаси ўқилган» Windows 7 тизимини Microsoft иккинчи марта бепул янгилаяпти!

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.