Юбилей суперфлагмани – Xiaomi Mi 10 Ultra тақдим этилди!

  •   DiMaX
  •  3486
  •  12.08.2020 09:11

Юбилей суперфлагмани – Xiaomi Mi 10 Ultra тақдим этилди!

Кеча – 11 август куни Xiaomi ўзининг ўн йиллигига бағишланган тақдимот тадбирини ўтказди. Унда корпорация раҳбари Лэй Цзюнь (Lei Jun) нутқидан сўнг маросимнинг бош қаҳрамони – Xiaomi Mi 10 Ultra смартфони тақдим қилинди.

ЎҚИНГ: Тақдимотдан аввал Xiaomi Mi 10 Ultra анбоксинг видеоси: уни чиқарганга миллион доллар жарима солишди!

Эслатиб ўтамиз, «Хитойча Apple»нинг ўн йиллигига бағишланган флагмани Xiaomi Mi 10 Pro Plus ёки Xiaomi Mi 10s номлари билан атаб келинаётган эди. Хитойда уни Xiaomi Mi 10 Extreme Commemorative Edition деб номлашган бўлса-да, халқаро бозорга Xiaomi Mi 10 Ultra модели сифатида чиқарилади.

Компания лидерининг сўзларига кўра, юбилей моделини муносиб қилиб чиқариш учун унинг дизайни устида анча тер тўкишган. Умуман, Xiaomi ўзининг барча сўнгги технологик ютуқларини шу суперфлагманга татбиқ этган.

Смартфоннинг стандарт версияси орқа панели керамикадан ишланган ва икки хил – ёрқин ва тўқранг вариантларда чиқариляпти. Керамик талқиндан ташқари, смартфон орқа қопқоғи шаффоф бўлган версияда ҳам тақдим этилди.

Xiaomi Mi 10 Extreme Commemorative Edition экрани OLED-панелли бўлиб, четлари қайрилган. Унинг ўлчами диагоналига 6,67 дюймлик, тасвир аниқлиги 2340х1080 пикселлик (FHD+ формати). Дисплейда кадр янгиланиш частотаси 120 герцга тенг бўлиб, у 10 битлик ранг чуқурлигига ҳамда кенгайтирилган HDR10+ динамик диапазони қўллаб-қувватловига эга. Экранда ёрқинликнинг автоматик созланишини юксак даражага кўтаришган; дисплейнинг максимал ёрқинлиги эса 1120 кд/м2’га тенг. Олд камера юқори чап бурчакдаги тирқишга ўрнатилган 20 мегапикселлик якка датчикка эга.

Юбилей суперфлагманининг бош камера тўрт модулли бўлиб, ундаги 48 мегапикселлик асосий сенсор электрон ва оптик барқарорлаштириш тизимига, 8K резолюциясигача бўлган сифатда видео ёзиб олишга қодир. Иккинчи – портрет датчиги 12 мегапикселлик аниқликда ва 2 карралик оптик яқинлаштириш хусусиятига эга. Учинчи – перископик модул алоҳида эътиборга лойиқ: унга 10 карралик оптик ва нақ 120 карралик рақамли зум ттабиқ этилган! Ва ниҳоят, 20 МПлик кенг бурчакли камера 120 даражалик кўриш бурчагига эга. DxOMark мутахассислари аллақачон бу флагман камерасини синаб кўриб, максимал – 130 балл беришган.

Xiaomi Mi 10 Ultra суперфлагмани Qualcomm компаниясининг энг зўр – Snapdragon 865+ чипсети эмас, балки ундан битта олдинги, «оддий» Snapdragon 865 процессори базасида ишлайди. Шунга қарамасдан, у AnTuTu бенчмаркида барча рекордларни синдирган!

Бу смартфон 16 гигабайтгача ҳажмли LPDDR5 тоифали тезкор хотира ҳамда 512 гигабайтгача ҳажмли UFS3.1 стандартидаги доимий хотира чиплари билн таъминланган. Xiaomi Mi 10 Extreme Commemorative Edition иш жараёнида қизиб кетмаслиги учун суюқликли совитиш тизимига ҳамда ҳароратни аниқ назорат қилиб турувчи саккизта датчикка ҳам эга. Компания уни энг сўнгги – Wi-Fi 6 модули ҳамда стереодинамиклар билан ҳам жиҳозлаган.

Xaomi Mi 10 Ultra модели симли усулда нақ 120 ваттлик технология бўйича тезкор қувватлана олади ва шундай зарядник ҳам қадоққа солинган. Унинг ёрдамида суперфлагманнинг 4500 мА/соатлик аккумуляторини атиги 5 дақиқада нолдан бошлаб 41 фоизгача, 23 дақиқада эса тўлиқ қувватлаб улгурасиз!

Қуйида бу суперфлагманнинг қувватланиш тезлигини iPhone 11 Pro Max билан таққослаб кўрсатишган:

Бундан ташқари, бу смартфон симсиз усулда ҳам анча-мунча флагмандан тезкор – 50 ваттлик усулда зарядланади. Реверсив симсиз қувватлаш бўйича ҳам зўр – Xaomi Mi 10 Ultra тегишли технологияни қўллаб-қувватловчи гаджетларга симсиз усулда 10 ваттлик тезкор заряд бера олади.

Xiaomi Mi 10 Ultra нархларига келадиган бўлсак, тезкор/ички хотира ҳажмига кўра, уни қуйидагича баҳолашган:

8/128 гигабайтлиги – 760 доллардан;

8/256 гигабайтлиги – 805 доллардан;

12/256 гигабайтлиги – 865 доллардан;

16/512 гигабайтлиги – 1005 доллардан.

Кечанинг ўзида яна Redmi брендининг энг зўр флагман – Redmi K30 Extreme Commemorative Edition (ёки Redmi K30 Ultra) ҳам тақдим этилган, унинг хусусиятлари ва нархлари билан мана бу хабарда танишасиз.

ЎҚИНГ: Кутилмаган хавф: Xiaomi смартфонларида бармоқ изи сканерини ҳам камера қилиб ишлатса бўлар экан! («жонли» видео)

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!