12 ГБ «оперативка»ли ҳамёнбоп Realme GT Neo флагмани Geekbench’да кучини кўрсатди

  •   DiMaX
  •  1192
  •  29.03.2021 16:44

12 ГБ «оперативка»ли ҳамёнбоп Realme GT Neo флагмани Geekbench’да кучини кўрсатди

Биласизки, OPPO корпорациясининг арзончи суббренди 4 март куни Realme GT русумли суперфлагманини тақдим этган. Мазкур қурилма энг қудратли Android-процессор – Snapdragon 888 базасидаги энг арзон смартфон бўлиб турибди.

ЎҚИНГ: Snapdragon 888 чипли энг арзон флагман 10 сонияда 15 млн долларлик сотилди!

Компания энди унинг ҳамёнбоп версияси – Realme GT Neo моделини ҳам тайёрлади ва ушбу ҳафтада – 31 март куни расман тақдим этмоқчи. Dimensity 1200 чипли мазкур қурилмани 6, 8 ва 12 гигабайтлик тезкор хотирали вариантларда таклиф этишади.

Смартфонлар самарадорлигини тест қилувчи Geekbench платформасида энг катта «оперативка»ли Realme GT Neo аллақачон текшириб кўрилди. Android 11 тизимли қурилма якка ядроли синовда 975 балл тўплаган бўлса, барча ядролар иштирокидаги имтионда 3320 балл олган.

Realme GT Neo смартфони USB-C портига, иккита стереодинамикка ҳамда Dolby Atmos технологиясига эга. Компания унинг аккумулятори 4500 мА/соатлик, вазни эса атиги 179 грамм эканлигини ҳам тасдиқлаган. Бош камерасида асосий сенсор 64 мегапикселлик, бармоқ изи сканери эса корпуснинг ён қиррасига ўрнатилган.

Realme компаниясининг маркетинг бўйича директори Сюй Ци (Xu Qi) бугун расман маълум қилишича, Realme GT Neo учун аллақачон 2 миллиондан ортиқ олдиндан буюртма олинган. Мазкур смартфоннинг бошланғич версияси тахминан 300 доллар атрофида бўлиши кутилаётир.

ЎҚИНГ: Snapdragon 888 чипли энг арзон флагман Geekbench’да: бу сизга Redmi K40 Pro эмас!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.