Apple энг арзон смарт-соати – Watch SE моделини ҳам чиқарди!

  •   DiMaX
  •  504
  •  16.09.2020 17:42

Apple энг арзон смарт-соати – Watch SE моделини ҳам чиқарди!

15 сентябрдаги онлайн маросимида Apple компанияси iPad 8 планшетини тақдим этгани, шунингдек, Apple Watch Series 6 смарт-соатини намойиш қилгани ҳақида ёзгандик. Бундан ташқари, мазкур тадбирда арзонлаштиришган смартвоч ҳам илк бор кенг жамоатчиликка кўрсатилди.

ЎҚИНГ: Apple Watch’нинг оригинал функцияси қандай ишлашини секинлаштирилган видеода кўрамиз

iPhone SE оммабоплигидан руҳланишганми, купертиноликлар бу ақлли соатни Apple Watch SE деб номлашган. Моҳиятига кўра у Apple Watch Series 3 моделининг давомчиси бўлиб, Apple Watch Series 6’нинг ҳам айрим функцияларини ўзлаштирган, аммо ундан анча арзон. Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, янги смарт-соатдаги Retina-дисплей учинчи авлод смартвочникига нисбатан 30 фоизга каттароқ.

Apple ушбу гаджетини корпусининг ўлчами 40 ва 44 миллиметрлик ўлчамларда, Bluetooth ҳамда LTE-версияларда чиқарган. У ҳам янги – watchOS 7 операцион тизими бошқаруви остида ишлайди. Apple Watch SE моделининг икки ядроли процессори Apple Watch Series 3’дагига қараганда икки бараварга самарадор.

Watch Series 6 моделидаги Always On Display режими ва қоннинг кислородга тўйинганлик датчиги Watch SE моделида йўқ. Лекин арзонлаштирилган ақлли соатда компас, акселерометр, гироскоп, динамик ва микрофон мавжуд. Apple уни яна уйқу мониторинги, йиқилишни аниқлаш, баландликни ўлчаш ва фавқулодда вазиятларда чақириш функциялари билан ҳам таъминлаган.

ЎҚИНГ: Apple Watch’даги янги функция 87 яшар аёлнинг ҳаётини сақлаб қолди

Афтидан, Apple Watch SE модели Fitbit ва бошқа фитнес-трекерларга рақобатчи сифатида ишлаб чиқилган. Шунингдек, у кексалар ҳамда ёш болаларга ҳам мос келади. Бундан ташқари, мазкур гаджет янгича оилавий созламага ҳам эга: у хабарлар мониторинги ва жойлашув ҳақида хабар бериш кабиларга имкон беради.

Apple Watch SE учун аввалдан буюртма олиш аллақачон бошлаб юборилган, дўконларга эса уни 18 сентябрь – жума кунидан чиқаришади. Янги ақлли соатнинг нархи 279 АҚШ долларидан бошланади.

ЎҚИНГ: Қайнонасини ўлдирган келинни Apple Watch фош этди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!