Google оммабоп сервисининг «дафн этилиш» вақтини эълон қилди

  •   DiMaX
  •  815
  •  05.08.2020 15:57

Google оммабоп сервисининг «дафн этилиш» вақтини эълон қилди

Қидирув гигантининг муваффақиятли чиқмаган, ўз умрини ўтаб бўлган ҳамда «туғилмасдан бўғилган» маҳсулотларини акс эттирувчи Killed By Google сайти мавжуд. Унга «дафн этилган» бир қатор сервислар, иловалар ва гаджетлар ҳақида бир қатор хабарлар эълон қилганмиз.

ЎҚИНГ: Google маҳсулотларининг ҳақиқий қабристони очилди – қабртошлари ҳам бор!

Google шу йилнинг бошида ҳаваскор дастурчиларга мўлжалланган сервисининг «жанозасини ўқиган» эди. Май ойида эса у «Google Play Мусиқа» (Google Play Music) стриминг платформасини ёпишини, унинг ўрнига YouTube Music қолишини эълон қилди.

Компания энди Play Music сервисининг ёпилиш вақтларини ҳам расман маълум қилди. Унга кўра, уни биринчи бўлиб сентябрдаёқ Янги Зеландияда ҳамда Жанубий Африка мамлакатларида тўхтатишади.

Қолган ҳудудлардаги эса Play Music’даги ўз фонотекаларини октябргача YouTube Music платформасига ўтказиб олишлари мумкин бўлади. Декабрда эса «Google Play Мусиқа» сервиси ўз фаолиятини буткул тўхтатади.

Шуниси ҳам борки, «жанозаси ўқилаётган» сервиснинг айрим функциялари юқорида кўрсатилган муддатлардан олдин ўчириб борилади. Масалан, август ойидаёқ қўшиқларни харид қилиш ва олдиндан буюртма бериш имконияти Play Music’дан олиб ташланяпти.

Эслатиб ўтамиз, YouTube Music мусиқий иловаси 2015 йили ишга тушган. Ёпилаётган сервисдаги қўшиқларингиз, плейлистлар ва тавсияларингизни кўчириб ўтказиш учун, аввало, YouTube Music иловасини смартфонингизга юклаб олишингиз керак. Android-қурилмаларга уни ушбу, iOS-гаджетларга эса мана бу ҳаволалар орқали ўрнатиш мумкин. Кейин эса уни очиб, «Кўчириб ўтказиш» («Перенести») тугмачасини боссангиз етарли.

ЎҚИНГ: YouTube’нинг пулли функциясидан Telegram орқали бепул ва рекламасиз фойдаланса бўлар экан!

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.