Qualcomm қудратли Snapdragon 855 Plus процессорини тақдим этди, уни қўлловчи илк флагманлар билан танишинг!

  •   DiMaX
  •  1417
  •  16.07.2019 10:45

Qualcomm қудратли Snapdragon 855 Plus процессорини тақдим этди, уни қўлловчи илк флагманлар билан танишинг!

Америкалик чипсоз Qualcomm компанияси кеча – 15 июль куни кутилмаганда янги чипсет намойиш этди. Тағинам бирор ўртача процессор эмас, балки Snapdragon 855 Plus русумли тўлақонли флагман платформа!

ЎҚИНГ: ТОП-10: «Сунъий онг»ли смартфонлар процессорлари рейтинги

Номидан ҳам кўриниб турганидек, бу – айни дамдаги энг кучли Android-процессор бўлган Snapdragon 855 чипсетининг яхшиланган версиясидир. Унда фақат асосий таркибий қисмлар яхшиланган. Яъни, Snapdragon 855 Plus процессорида 2,96 гигагерцгача частотали Kryo 485 Prime ядролари қўлланган, «оддий» Snapdragon 855 чипсетида эса уларнинг частотаси 2,84 ГГц.га тенг. Шунингдек, янги процессор таркибидаги Adreno 640 график тезлатгичининг самарадорлиги 15 фоизга оширилган.

Qualcomm таъкидлашича, Snapdragon 855 Plus асосан ўйинбоп смартфонлар ва бошқа гаджетлар, AR ҳамда VR-қурилмалар учун энг мақбул процессордир. Лекин қизиғи шундаки, унинг таркибига Snapdragon X55 русумли 5G-модем киритилмаган. Бу чипсетда Snapdragon X24 моделидаги LTE-модем ҳамда 7 нанометрлик технологик жараён қўлланган.

ЎҚИНГ: Қай бири кучли - Snapdragon 665 ёки Kirin 710?

Qualcomm анонси ортидан, кечанинг ўзидаёқ Asus компанияси ҳам ушбу чипсетга оид баёнот билан чиқди. Унга кўра, Snapdragon 855 Plus процессори илк бора геймерларга мўлжалланган Asus ROG Phone II смартфонида қўлланади. Мазкур ўйинбоп қурилманинг расмий тақдимоти эса 23 июлга белгиланган.

Asus’дан кейин яна бир нечта смартфонсозлар ҳам Snapdragon 855 Plus базасида флагманлар тайёрлашларини эълон қилишди. Жумладан, биринчилар қаторида Xiaomi баёнот берди, афтидан, янги чипсетни у Mi Mix 4 моделига ўрнатмоқчи.

Шунингдек, Snapdragon 855 Plus (ёки Snapdragon 855+) процессорига даъвогарлар сафида яна IQOO, Redmi, BlackShark, Lenovo ҳамда Nubia брендлари ҳам бор. Турган гапки, мазкур рўйхат кенгайишда давом этади. Ҳатто Samsung ҳам кейинги ойда тақдим этиладиган Galaxy Note 10 моделида ушбу чипсетни қўллаши мумкин.

Дарвоқе, MediaTek аллақачон Snapdragon 855 Plus рақиби – Helio G90 флагманини тайёрламоқда!

ЎҚИНГ: Энг қудратли смартфонлар (2019 йил 1-чорак): Galaxy S10+ иккинчи ўринда, қолган барчаси «хитойлик»!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.