Realme 7 5G чиқди – Европадаги энг арзон 5G-смартфон!

  •   DiMaX
  •  1235
  •  19.11.2020 17:48

Realme 7 5G чиқди – Европадаги энг арзон 5G-смартфон!

OPPO компаниясининг арзончи суббренди Европада ўзининг Realme 7 5G смартфонини намойиш қилди. Бунгача мазкур туркумда Realme 7 ва Realme 7 Pro геймерофонлари чиққан, яна Realme 7i модели ҳам тақдим этилган.

ЎҚИНГ: Бу смартфонсоз Samsung, Xiaomi, Vivo, Apple ва Huawei’дан ҳам ўзиб, мутлақ рекорд ўрнатди!

Realme 7 5G ҳам ташқи кўриниши жиҳатидан шу смартфонларга ўхшаш, лекин кучлироқ. Диагоналига 6.5 дюймлик IPS-дисплей 120 герцлик частотада янгиланади. Унинг юқори чап бурчагида 16 мегапикселлик селфи-камера учун тирқиш бор. Смартфон корпуси пластикдан ишланган, бармоқ изи сканери ўнг қиррадаги ёқиш-ўчириш тугмачасига интеграция қилинган.

Realme 7 5G модели янги процессор – MediaTek Dimensity 800U базасига қурилган. Мазкур чипсет 7 нанометрлик технологик жараёнга асосланган бўлиб, унинг ҳисобловчи ўзаги 2.4 ГГц.лик Cortex-A76 ҳамда 2.0 ГГц.лик Cortex-A76 ядроларини ўз ичига олган. Процессор жамланмасига яна Mali-G57 видеотезлатгичи ва 5G-модем ҳам киритилган бўлиб, у sub-6GHz, SA ҳамда NSA тармоқларини қўллаб-қувватлайди.

ЎҚИНГ: Realme’нинг ҳамёнбоп смартфони AnTuTu’да ҳатто Galaxy S20 Ultra ва Galaxy S20+ флагманларини «ер тишлатди»!

Realme 7 5G автономлигини 5000 мА/соатлик аккумулятор таъминлайди, комания уни 30 ваттлик тезкор қувватлаш технологияси билан таъминлаган. Компания уни тезкор/доимий хотираси ҳажмига кўра биттагина – 6/128 гигабайтлик вариантда чиқарган.

Смартфон Android 10 операцион тизими устига қурилган Realme UI график қобиғи билан тақдим этилган. Унинг квадрокамерасида асосий датчик 48 мегапикселлик (f/1.8) бўлса, 8 МПлик иккинчи сенсор кенг бурчакли (кўриш бурчаги 119 даражали) объектив билан тақдим этилган. Шунингдек, бош камера жамланмасида ҳар бири 2 мегапикселлик яна иккита – портретлар учун ва макрофотография сенсорлари мавжуд.

Савдоси 27 ноябрдан бошланадиган Realme 7 5G модели Европадаги энг арзон 5G-смартфон сифатида майдонга кириб келмоқда. Компания унинг учун 279 евро миқдорида нарх белгилаган бўлиб, «Қора жума» куни эса бу смартфон нақ 50 евролик чегирма билан сотилади.

ЎҚИНГ: Samsung Ўзбекистон: 30 ноябргача смартфон олинг – повербанк сизга совға!