Redmi Note 10 Ultra ҳам тайёр: намойиш куни, нарх ва хусусиятлари

  •   DiMaX
  •  4009
  •  21.05.2021 10:10

Redmi Note 10 Ultra ҳам тайёр: намойиш куни, нарх ва хусусиятлари

Redmi бренди Ҳиндистон бозорига тақдим этган ўнинчи авлод фаблетлари оиласига учта модел кирган: стандарт Redmi Note 10 смартфони, унинг Redmi Note 10 Pro версияси ҳамда янада илғор Redmi Note 10 Pro Max. Лекин улар жаҳон бозорига сал бошқачароқ номлар билан чиққан: глобал Redmi Note 10 Pro модели ҳиндча Redmi Note 10 Pro Max билан бир хил.

ЎҚИНГ: Xiaomi Redmi Note 10'нинг техник жиҳатлари ва қадоқ таркиби билан танишамиз

Xiaomi энди ўз юртида ҳам ушбу линейка смартфонларини намойиш қилмоқчи ва тақдимотни 26 май санасига белгилаган. Хитойча смартфонлар энди ҳиндчасидан ҳам, глобалидан ҳам фарқ қилади.

Хитойдаги онлайн савдо майдонларидан биридан олинган скриншотга қараганда, ушбу туркумда учта – Redmi Note 10, Redmi Note 10 Pro ҳамда Redmi Note 10 Ultra моделлари бўлади.

Ҳозир булардан энг зўри – Redmi Note 10 Ultra техник хусусиятлари маълум бўлган. Xiaomi уни MediaTek Dimensity 1100 платформаси базасида тайёрлаб, диагоналига 6,53 дюймлик AMOLED-экран билан таъминлаган.

Redmi Note 10 Ultra бош камераси учталик бўлиб, унда асосий датчик сифатида 64 мегапикселлик Sony IMX686 сенсори қўлланмоқда. Смартфоннинг 5000 мА/соатлик аккумулятори эса 33 ваттлик технология асосида тезкор қувват олади.

Ушбу смартфон тезкор/доимий хотира ҳажмига кўра уч хил вариантда чиқади. Улардан бошланғич – 6/128 гигабайтлиги 280 долларга баҳоланган; қолган иккитаси – 8/128 ва 8/256 ГБлик вариантларининг нархи ҳозирча маълум эмас.

ЎҚИНГ: Қуввати икки кунга етувчи POCO M3 Pro 5G чиқди: бренднинг бирорта Xiaomi ёки Redmi смартфонига ўхшамаган илк модели!