Сув ва чангдан ҳимояли Galaxy A72 ҳам тақдим этилди!

  •   DiMaX
  •  1778
  •  18.03.2021 16:57

Сув ва чангдан ҳимояли Galaxy A72 ҳам тақдим этилди!

17 март куни ўтказилган Galaxy Unpacked тадбирининг асосий қаҳрамонлари ўрта нархли смартфонлар туркумининг иккита вакили бўлди. Булардан биринчиси Galaxy A52 ҳамда Galaxy A52 5G версияларида чиққан бўлса, Galaxy A72 модели фақат 4G талқинда намойиш қилинди – унинг 5G-версияси (ҳар ҳолда, ҳозирча) йўқ!

ЎҚИНГ: Ҳали тақдим этилмаган Galaxy A72 4G анбоксинг видеоси, нарх ва жиҳатлари билан батафсил танишинг!

Samsung Galaxy A72 смартфони корпуси сал катталигини айтмаса, ташқи кўринишидан ўша Galaxy A52 моделлари билан бир хил. Бироқ ўзига яраша фарқлари ҳам бор. Аввало, унда Super AMOLED экран ўлчами диагоналига 6,7 дюймга етказилган, кадр янгиланиш частотаси 90 герцлик. Дисплейнинг қолган хусусиятлари иккала Galaxy A52 экраниники билан бир хил.

Аккумуляторнинг ток сиғими ҳам 5000 мА/соатга етказилган ва у 25 ваттлик технология бўйича тезкор қувват олади. Смартфон корпуси 203 грамм тош босади.

ЎҚИНГ: AnTuTu рейтинги: Ўз эгасини рози қилган ўнта Android-смартфон (2021 йил февраль)

Galaxy A52 гаджетининг квадрокамерасидаги 5 мегапикселлик чуқурлик сенсори ўрнига Galaxy A72 моделида 8 мегапикселлик модул қўлланган. Бу датчик уч карралик оптик ва 30 карралик рақамли зумга эга бўлиб, телеобъектив билан бириккан.

Бу смартфоннинг бошқа барча камералари ҳам Galaxy A52 девайсидаги билан бир хил: 64 МПлик асосий, 12 МПлик кенг бурчакли ва 5 МПлик макрокамера. Олд камераси ҳам фарқ қилмайди – экран тирқишига 32 мегапикселлик сенсор ўрнатилган.

ЎҚИНГ: Galaxy A32 4G тақдим қилинди: 5G-версиядан арзон, лекин унисидан ҳам зўр!

Galaxy A72 корпуси ҳам IP67 стандартида чанг ва сув киришидан ҳимояланган. Унда ҳам, худди 4G-версиядаги Galaxy A52 смартфони сингари, Snapdragon 732G процессори қўлланган. Унинг бошқа техник жиҳатлари ҳам шу «ини»сининг хусусиятлари билан бир хил – улар билан мана бу хабаримизда батафсил танишсангиз бўлади.

Samsung Galaxy A72 смартфони 6/8 гигабайтлик тезкор ҳамда 128/256 гигабайтлик ички хотираларга эга вариантларда, 450 евродан бошланувчи нархларда сотилади.

ЎҚИНГ: Россияда аллақачон Galaxy A52 ҳамда Galaxy A72’га буюртма бериш мумкин – аниқ нархлар!