Xiaomi илк бор Apple’ни қувиб ўтиб, 3-рақамли смартфонсозга айланди!

  •   DiMaX
  •  1338
  •  30.10.2020 17:43

Xiaomi илк бор Apple’ни қувиб ўтиб, 3-рақамли смартфонсозга айланди!

Куни кеча биз 2020 йилнинг биринчи ярмида дунёдаги энг кўп сотилган 5G-телефонлар рейтингини чиқарган эдик. IDC таҳлил компанияси эса жаҳон смартфон бозорининг учинчи чоракдаги ҳолати бўйича маълумотларни эълон қилди.

ЎҚИНГ: Хитойликларнинг ўзлари энг кўп қайси смартфонларни олишяпти?

IDC ҳисоботига кўра, якунига етган кварталда дунё бўйича смартфонлар етказиб бериш бир йилда 1,3 фоизга камайган. Лекин ундаги асосий янгилик – Xiaomi компаниясининг смартфон сотиш бўйича Apple корпорациясидан олдинга ўтиб олганидир! Бу маълумотни Counterpoint ҳамда Canalys компаниялари ҳам тасдиқлаган.

Шундай қилиб, Samsung етакчиликни қўлдан бермаган – бозорнинг 22,7 фоизи айнан унга тегишли. Жанубий кореялик гигант учинчи чоракда 80,4 миллионта смартфон сотишга муваффақ бўлган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,9 фоизга юқоридир.

Huawei сотувлари бултургига қараганда нақ 22 фоизга пасайиб кетган бўлса-да, компания иккинчи ўринни сақлаб қолган. Жорий йилнинг учинчи чорагида у 51,9 миллионта смартфон сотиб, жаҳон бозорининг 14,7 фоизини банд этган.

Xiaomi ўтган йилнинг учинчи кварталида 46,5 миллионта, яъни бир йил аввалгисидан нақ 42 фоизга кўп смартфон сотишга эришган! Шу тариқа, 13,1 фоизлик ҳиссаси билан у учинчи ўринга кўтарилиб олган. Huawei’нинг тобора сустлашиб бораётганини ҳисобга олсак, «Хитойча Apple» тез орада иккинчи ўринга чиқиб олса ҳам ажабмас...

Кучли бешликка кирган Apple ҳамда Vivo эса дунё смартфон бозоридан тегишлича 11,8 ва 8,9 фоизлик улуш олишган. Бу йилнинг учинчи чорагида улар мос тарзда 41,6 миллион ва 31,5 миллион смартфон сота олишган.

ЎҚИНГ: Қуввати энг узоқ вақтга етувчи 15 смартфон билан танишинг

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.