Жаҳондаги энг кўп сотилган 5G-смартфонлар рейтинги

  •   DiMaX
  •  1060
  •  29.10.2020 14:12

Жаҳондаги энг кўп сотилган 5G-смартфонлар рейтинги

Жорий йилнинг 30 сентябрь ҳолатига кўра, бутун дунёда сотилган смартфонларнинг 40 фоизи Хитойдаги бештагина бренд ҳиссасига тўғри келади. «Осмон ости салтанати» аҳолисининг ўзи кўпроқ қайси компанияларнинг телефонларини сотиб олаётгани бўйича ҳам алоҳида рейтинг эълон қилганмиз.

ЎҚИНГ: Энг оммабоп 10 смартфон (43-ҳафта)

Бугун – 29 октябрь куни Strategy Analytics тадқиқот компанияси эса бутун дунё бўйлаб энг кўп сотилаётган 5G-смартфонлар ҳақида маълумот тақдим этди. Ушбу рейтинг 2020 йилнинг биринчи ярмида сотилган қурилмалар статистикасига таянган ҳолда тузилган.

Демак, кўрсатилган даврда бешинчи авлод уяли алоқа стандартини қўллаб-қувватловчи моделлардан Galaxy S20 Plus 5G флагмани энг кўп сотилган экан. Таҳлилларга кўра, ушбу смартфон Ғарбий Европа, Жанубий Корея, Шимолий Америка ва бошқа ҳудудларда жуда оммабоп.

Кучли учликни Samsung компанияси ҳеч кимга бериб қўймаган – кейинги ўринларда унинг Galaxy S20 Ultra 5G ҳамда Galaxy S20 5G моделлари турибди. Хитойлик техногигантнинг Huawei P40 Pro 5G ҳамда Huawei Mate 30 5G флагманлари эса сотилиш кўламига кўра тўртинчи ва бешинчи ўринларни банд этган.

Таҳлилчиларнинг прогнозларига кўра, Apple iPhone 12 модели 2020 йилнинг иккинчи ярмида энг кўп сотилувчи 5G-смартфон бўлади. Huawei компаниясининг АҚШ санкциялари туфайли «сўниб» бораётганини ҳисобга олсак, Apple тез орада уни қувиб ўтиб, мазкур бозорда биринчилик учун Samsung билан курашиши аниқ.

Дарвоқе, 2020 йилнинг биринчи ярмида дунё бўйича 5G-смартфонларнинг умумий савдоси рекорд даражага етган – нақ 34 миллиард АҚШ доллари! Коронавирус пандемиясига қарамасдан, бу бозор тезкорлик билан ўсиб бормоқда; смартфонсозлар эса флагманлардан ташқари, имкон қадар арзон моделлар ҳам тақдим этишга интилишмоқда.

ЎҚИНГ: Ўттиз тўрт долларлик 5G-смартфонга нима дейсиз?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!