ICQ New: афсонавий мессенжер «ақлли» бўлиб «қайта туғилди»!

  •   DiMaX
  •  971
  •  06.04.2020 15:00

ICQ New: афсонавий мессенжер «ақлли» бўлиб «қайта туғилди»!

Нисбатан катта авлод вакиллари яхши биладиган ICQ иловаси Исроилнинг Mirabilis компанияси томонидан 1996 йили яратилган. Русийзабон интернетда, шунингдек, ўзбекистонлик фойдаланувчилар орасида у энг оммалашган биринчи мессенжерлардан бўлади.

ЎҚИНГ: Карантин даврида бу иловалар бир ярим бараварга оммалашди!

Ушбу дастур бир неча марта эгасини алмаштириб келган, ниҳоят 2010 йили уни Mail.ru Group сотиб олган эди. Орадан нақ ўн йил ўтгач, компания бу мессенжерни янгилаб, номини ҳам ICQ New шаклига ўзгартириб тақдим қилди.

Янгиланган мессенжернинг ўзига хосликлари қаторида сунъий интеллект, янги интерфейс ҳамда визуал услубни санаб ўтиш мумкин. ICQ New функцияларидан бири – сунъий идрок ёрдамида йўлга қўйилган Smart Reply тезкор жавоблар тизимидир. Нейротармоқ суҳбат контекстидан келиб чиқиб, фойдаланувчига сунъий онг ёрдамида тайёрланган қисқа жумлалар шаклидаги жавобларни ҳамда стикерларни таклиф этади. Агар юзер хабар матнини ўзи тера бошласа, мессенжер унга сўзлар, жумлалар ёки эмодзилар ўрнига мазмунга мос стикер вариантларини таклиф қилади. ICQ New аудиони автоматик тарзда матнга айлантириб бериши ҳам унинг кучли жиҳатларидан биридир.

ЎҚИНГ: Путин «Россиялик Илон Маск»ни эълон қилди

ICQ New’да бот яратиш учун платформа ҳам мавжуд: дастурчилар ўз ишларини автоматлаштиришлари, бошқа фойдаланувчилар учун фойдали функцияларни қўшиб, сервис ривожига ҳисса қўшишлари мумкин.

ICQ New ёрдамида энди 30 нафаргача фойдаланувчи иштирокида гуруҳли қўнғироқларни амалга оширса бўлади. Гуруҳли чатлар иштирокчилари эса йигирма беш мингга ҳам бориши мумкин! Мессенжерда яна каналлар очиш имкони тақдим этилган.

ЎҚИНГ: Компьютер учун 5 та бепул Android эмулятори

Хавфсизлик масаласига ҳам ICQ New’да жиддий қаралган – фойдаланувчилар энди ўзларига қилинадиган қўнғироқларни чеклай оладилар, гуруҳга қўшишларни тақиқлаш мумкин. Кишининг телефон рақами, ҳатто битта гуруҳда бўлсалар ҳам, нотаниш фойдаланувчиларга кўринмайди. Қўшимча ҳимоя тарзида мессенжерда PIN-код тайинлаш имконияти бор – ҳар гал иловани очишда уни қайта териш талаб этилади.

ICQ New иловасини расмий сайтидаги ҳаволалар орқали компьютер ёки ноутбукка, шунингдек, мобил қурилмаларга ўрнатиб олиш, шунингдек, исталган браузер орқали унинг web-версиясидан фойдаланиш мумкин.

ЎҚИНГ: Еврокомиссия: «Смартфонингиздан бу учта иловани тезда ўчириб ташланг!»

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!