Samsung'нинг ушбу бюджет смартфони Android 13 билан қутидан чиқадиган илк Galaxy бўлади
Samsung ўзининг Galaxy смартфонлари учун Android 13 га асосланган One UI 5 янгиланишини расман намойиш қилди ва уни шу ойда, келаётган ҳафталарда тарқатишни бошланишини айтди. Одатда, компаниянинг ҳозирги флагманлари ушбу янгиланишни энг биринчилардан бўлиб қабул қилишса, янги авлод флагманлари (Galaxy S23 серияси) у ўрнатилган ҳолда қутидан чиқадиган илк смартфонлар бўлишар эди. Бироқ, бу сафар янги флагманларни кутиб ўтиришга ҳожат қолмайдиган кўринади, Samsung'нинг тез орада чиқарилиши кутилаётган янги бюджет смартфони One UI 5 билан келади.
Wi-Fi Alliance маълумотлар базасида Galaxy А13 5G давомчиси, SM-A146P-DSN модел рақамли Galaxy А14 5G смартфони пайдо бўлди. Қизиғи шундаки, смартфон Android 13 операцион тизимида ишлаши кўрсатилган ва бу One UI 5 дегани.
Яқинда Galaxy А14, ундан аввал эса Galaxy S23 рендерлари тарқатилган эди. Таъкидлаш жоизки, рамка ва смартфон ўлчамларини ҳисобга олмаса улар бир-бирларидан ташқи кўринишда деярли фарқ қилмайди. Миш-мишларга кўра, Galaxy А14 смартфони 167.7х78.7х9.3 ўлчамда, Infinity-U дизайнидаги 6.8 дюймли FHD+ экран, ён томонда бармоқ изи сканери, учлик орқа камера, 3.5 миллиметрли наушник уяси, ва 5G билан ноябр охири ёки декабр бошида чиқарилади.
ЎҚИНГ: Android 13 қабул қила оладиган Samsung смартфонлари рўйхати