Адашмас башоратчи Apple бу йил чиқарадиган барча гаджетларни маълум қилди

  •   DiMaX
  •  1117
  •  18.02.2019 16:21

Адашмас башоратчи Apple бу йил чиқарадиган барча гаджетларни маълум қилди

KGI Securities компанияси вакили Минг-Чи Куо (Ming-Chi Kuo) ўзининг Apple билан боғлиқ аниқ прогнозлари орқали машҳур. Жумладан, у ўтган йили қандай айфонлар тақдим этилишини январь ойидаёқ айтган ва бу башорат тўғри чиққанди.

ЎҚИНГ: Тарихдаги энг яхши iPhone модели аниқланди

Бугун – 2019 йилнинг 18 февралида Минг-Чи Куо ўзининг навбатдаги прогнозини эълон қилди. Унга кўра, корпорация бу йил янги iPad’лар, 16 дюймлик MacBook Pro, 31 дюймлик 6K-монитор ва бошқа кўплаб маҳсулотлар тақдим қилади.

Куо прогнозига қараганда, 2019 йилги iPhone моделлари ҳам iPhone XS ва iPhone XR ўлчамларини сақлаб қолади. Яъни, Apple бу йил ҳам диагоналлари 6,5, 6,1 ва 5,8 дюймлик смартфонлар тақдим этади. Таҳлилчига кўра, уларнинг барчаси USB-C эмас, балки Lightning порти билан жиҳозланади. Шунингдек, янги айфонлар жилосиз (матовый) шиша корпусга, бошқа смартфонларни симсиз қувватлаш функциясига, модернизацияланган Face ID тизимига, сиғимдор аккумуляторга ва уч линзали камера модулига эга бўлади.

Минг-Чи Куо прогнозига кўра, янги iPad Pro моделларига модернизацияланган процессорлар ўрнатилади. Баҳорда 9,7 дюймлик iPad’нинг янгича – 10,2 дюймлик дисплейли авлоди чиқади. Шунингдек, техник хусусиятлари яхшиланган янги iPad mini ҳам тақдим этилади.

ЎҚИНГ: iPad одам ўлдиргани учун Apple’ни судга беришди

Энг қизиғи – Mac компьютерлари ҳақидаги прогноз: таҳлилчига кўра, Apple корпорацияси диагоналига 16 дан 16,5 дюймгача бўлган, умуман янгича дизайнли MacBook Pro намойиш қилади. Бундан ташқари, корпорация 31,6 дюймлик 6K-монитор билан дисплейлар бозорига ҳам қайтади.

2019 йилги тадбирларидан бирида Apple янги Mac Pro’ни намойиш этади, 13 дюймлик MacBook Pro эса 32 гигабайтлик тезкор хотирали конфигурацияда чиқади. Айни дамда 13 дюймлик MacBook Pro энг илғор конфигурацияда 16 гигабайтлик, 15 дюймлиги эса 32 гигабайтлик «оперативка» билан чиқарилмоқда.

Таҳлилчининг фикрича, Apple Watch смарт-соатларининг ЭКГ функцияси бошқа мамлакатларда ҳам ишлайдиган бўлади. «Ақлли» соатнинг кейинги авлоди керамик корпусда бўлади.

Булардан ташқари, AirPods 2, AirPower ва янгиланган процессорли iPod touch шу йилнинг биринчи ярмида савдога чиқарилишини ҳам Минг-Чи Куо тасдиқлаган.

Энди Apple’нинг 25 мартда бўлиб ўтадиган навбатдаги тадбирини кутиш қолди.

ЎҚИНГ: 25 мартда Apple қандай тақдимот ўтказяпти?

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.