Android-смартфонлар учун Apple дизайнери яратган график қобиқ чиқяпти!

  •   DiMaX
  •  773
  •  06.11.2020 12:05

Android-смартфонлар учун Apple дизайнери яратган график қобиқ чиқяпти!

Google компанияси мобил қурилмалар учун Android операцион тизимини турли версияларда тақдим этиб келаётган бўлса-да, смартфонсозлар одатда ўз маҳсулотларига уни ўзлари тайёрлаган график қобиқ билан ўрнатишади. Масалан, Samsung смартфонларида One UI, Xiaomi телефонларида MIUI прошивкалари бўлади ва ҳоказо.

ЎҚИНГ: Махфий созлама орқали ҳар қандай Android-смартфонни «учиб» ишлашга мажбур қиламиз!

Vivo компанияси шу пайтгача ўз мобил қурилмаларида Funtouch OS график қобиғини қўллаб келмоқда, лекин тез орада вазият ўзгаради. Смартфонсоз унинг ўрнига янги – Origin OS номли график қобиқ тайёрлаган ва уни 19 ноябрда тақдим этиши кутилмоқда. Зеро, компания айни шу кунига дастурчилар учун йиллик конференция белгилаган.

Компания вакилларининг сўзларига кўра, Origin OS график қобиғини яратишга мутахассислар бир йилга яқин вақт сарфлашган ва натижада чиндан янги маҳсулот тайёр бўлган. Энг қизиғи – Android базасидаги график қобиқни унинг асосий рақобатчиси бўлган iOS тизимини қўлловчи Apple корпорацияси дизайнерларидан бири ишлаб чиққан.

ЎҚИНГ: Хитойликларнинг ўзлари энг кўп қайси смартфонларни олишяпти?

Vivo’нинг ушбу янги ишланмасининг ўзига хосликларидан бири – смартфонни Origin OS стилидан бир лаҳзадаёқ тоза Android’га ўтказиш имконидир. Бунинг қай тариқа йўлга қўйилгани ва қанчалик қулайлиги тез орада маълум бўлади.

Origin OS график қобиғи асосидаги янгича прошивка Vivo компаниясининг нафақат янги, балки аллақачон бозорга чиққан смартфонларига ҳам тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу компания ўзининг ўйинбоп бренди остида тақдим этилган иккита – iQOO 5 Pro ҳамда iQOO 5 геймерофонлари билан ўтган ойда AnTuTu рейтингини остин-устун қилиб юборган эди.

ЎҚИНГ: Ўз нархи доирасида энг зўр смартфонларнинг бешта рейтинги (AnTuTu, 2020 йил октябрь)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!