Black Shark 3 билан бирга Black Shark 3 Pro ҳам намойиш этилди: бунақа технологиялар бошқа бирортасида йўқ!

  •   DiMaX
  •  6741
  •  04.03.2020 10:50

Black Shark 3 билан бирга Black Shark 3 Pro ҳам намойиш этилди: бунақа технологиялар бошқа бирортасида йўқ!

Xiaomi компаниясининг ўйинбоп қурилмаларга ихтисослашган суббренди, ўзи ваъда қилганидек, 3 март куни Black Shark 3 геймерофонини тақдим этди. Аммо кутилмаган хушхабар: унинг янада илғор версияси – Black Shark 3 Pro модели ҳам бор экан!

ЎҚИНГ: «Сайёрамиздаги энг қудратли смартфон» AnTuTu’да салкам 621 000 балл олди!

Black Shark 3 ҳамда Black Shark 3 Pro моделлари «ички дунёси» ва айрим техник жиҳатлари бир хил, аммо муайян фарқлари ҳам бор.

Умумий жиҳатлари

Ҳар иккала геймерофонда AMOLED дисплей қўлланган – унинг кадр янгиланиш частотаси 90 герцлик, тегинишларни ҳисоблаш частотаси эса нақ 270 герцга тенг. Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, экранга битта бармоқ тегинишидан то реакциягача кечадиган вақт атиги 24 миллисонияни, бир неча бармоқ билан тегинишда эса – 28 миллисонияни ташкил этади. Булардан ташқари, Black Shark 3 ҳамда 3 Pro экрани босиш кучини фарқлаб, шунга яраша тегишли амалларни бажара олади. Янги трендларга амал қилиб, бармоқ изи сканери ҳам дисплейга интеграция қилинган.

Учинчи авлод «Қора акула»лар дизайнига келсак, Black Shark туркуми учун анъанавий тарзда орқа панелда чироқли логотип ўрнатилган. Фақат бош камера дизайни аввалгиларидан жиддий фарқланади: унинг модуллари учбурчак блокка олинган.

Ҳар иккала версияда 5G стандартини қўлловчи Snapdragon 865 процессори, LPDDR5 туридаги тезкор ва UFS 3.0 стандартидаги ички хотира чиплари қўлланган. Булардан ташқари яна Bluetooth 5 ҳамда NFC, шунингдек, энг янги – Wi-Fi 6 интерфейсларини санаб ўтиш мумкин. Корпусда замонавий USB Type-C порти билан бирга 3,5 миллиметрлик стандарт қулоқчин тирқиши ҳам қолдирилган. Смартфонлар энг сўнгги – Android 10 базасида тайёрланган MIUI 11 прошивкасига эга.

ЎҚИНГ: Xiaomi ва Redmi смартфонларининг расмий прошивкалари «хазинаси»га марҳамат!

Black Shark 3 ҳамда 3 Pro смартфонларининг совитиш тизими такомиллаштирилган ва, Xiaomi’нинг даъво қилишича, олдинги авлод вакилларига нисбатан 100 фоизга самаралироқ. Бундан ташқари, қизиб кетишдан сақловчи қўшимча кулер харид қилиш ҳам мумкин. 25 долларга баҳоланган ушбу аксессуар атиги 1 дақиқада смартфон ҳароратини 14 даражага пасайтира олади.

Смартфонларнинг бош камераси учталик: 64 мегапикселлик асосий модул, 13 мегапикселлик кенг бурчакли (120 даражали кўриш бурчагига эга) объективга эга сенсор ҳамда 5 мегапикселлик чуқурлик датчиги.

Black Shark 3 геймерофонларида олд камера 20 мегапикселлик якка датчикдан иборат.

Фарқлари-чи, нималардан иборат?

Янги авлод геймерофонларининг биринчи фарқи уларнинг ўлчамларида: Black Shark 3 моделида 6,67 дюймлик, 2340х1080 пикселлик экран бўлса, Black Shark 3 Pro версияси 7,1 дюймлик ва 3120х1440 пикселлик дисплейга эга.

Аккумуляторининг ток сиғими бўйича ҳам улар турлича: стандарт моделда 4720 мА/соатлик батарея қўлланган бўлса, Pro-версияда бу кўрсаткич 5000 мА/соатни ташкил этади. Ҳар иккала моделда 65 ваттлик тезкор қувватлаш технологияси мавжуд. Яна бир жиҳати – зарядлаш давомида ўйинни давом эттиришга халақит бермаслиги учун, уларнинг орқа тарафида қўшимча, 18 ваттлик магнитли қувватлаш порти ҳам кўзда тутилган.

ЎҚИНГ: ТОП-10: Бу гал энди энг кучли смартфонлар бошқа! (AnTuTu рейтинги, 2020 йил февраль)

Black Shark 3 Pro моделида шу пайтгача бирорта смартфонда қўлланмаган яна бир жиҳат бор – унинг корпуси ўнг қиррасида сурилувчи механик тугмачалар жойланган. Улар корпус ичидан чиқувчи селфи-камералар принципи бўйича ишлайди ва анъанавий геймпадлардаги тригерлар ролини бажаради. Компания уларнинг 300 000 марта фаоллаштириш ҳамда 1 000 000 марта босишга яроқли эканлиги, шунингдек, смартфон қўлдан тушиб кетганида автоматик тарзда яширинишига кафолат бермоқда.

Pro-версиядаги учинчи авлод «Қора акула»нинг стереодинамиклари Hi-Res сертификацига эга. Ўйинлар давомида тактил таъсирнинг яхшиланиши учун унда илғор горизонтал вибромоторлар қўлланган, яна айрим ҳолларда ўйинларни овозли буйруқлар орқали бошқариш имкони ҳам мавжуд.

Қуйида Black Shark 3 смартфонини «жонли» томоша қиламиз:

Бозорга чиқиш санаси ва нархлари-чи?

Black Shark 3 модели 6 мартдан, тезкор/ички хотирасининг ҳажмига кўра қуйидаги нархларда сотила бошлайди:

8/128 ГБ — $500

12/128 ГБ — $544

12/256 ГБ — $573

Black Shark 3 Pro эса бозорга 10 мартдан тақдим этилади, нархлари эса:

8/256 ГБ — $673

12/256 ГБ — $716

ЎҚИНГ: 5 карра «йиртқич» Redmi Note 9: тақдимот куни, нархи ва илғор хусусиятлари!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!