DxOMark’ни порахўрликда айблашяпти: «холис» баҳолашнинг баҳоси қанча?

  •   DiMaX
  •  675
  •  17.02.2020 15:56

DxOMark’ни порахўрликда айблашяпти: «холис» баҳолашнинг баҳоси қанча?

Турли рақамли қурилмаларнинг камера имкониятларини текширувчи DxOMark фотолабораторияси анча нуфузга эга. Шунингдек, яқиндан буён у смартфонларнинг овоз имкониятларини баҳолашни ҳам йўлга қўйган.

ЎҚИНГ: Хоҳ камера, хоҳ овоз, Xiaomi – энг шоввоз! (DxoMark рейтинги)

Тармоқ информаторларидан бири DxOMark текширувларининг объективлигига шубҳа билдирди. Унинг таъкидлашича, мазкур текширув хизмати мутахассислари смартфонсозларга қурилманинг тестда «тўғри» балл олиши учун «озроқ чўзиш»ни таклиф этишади.

Digital Chat Station тахаллусли ушбу хитойлик инсайдернинг ёзишича, ўз гаджети DxOMark тестида юксак баҳо олиши учун ишлаб чиқарувчилар бу лабораторияга 100 000 еврогача пул тўлашади. Шундан сўнг DxOMark смартфонсозга гўёки камерани энг яхши тарзда созлаш бўйича тавсияларини юборади, натижада тестда девайс «тўғри» баҳо олади.

Инсайдернинг даъвосига кўра, агар смартфонсоз билан келишиб олса, DxOMark текширувлар давомида яхши чиқмаган суратлар якуний тавсифга киритмай қўяверади. Агарда ишлаб чиқарувчи «қистириш»га рози бўлмаса, мутахассислар унинг янги моделини ўзлари сотиб олишади ва олдиндан компания билан келишиб олмасдан, тестлардаги барча натижаларни эълон қилиб юборишади.

ЎҚИНГ: 2019 йилнинг энг зўр камерофонлари: DxOMark рейтинги чиқди

2018 йилнинг ўрталарида DxOMark компаниясининг маркетинг бўйича вице-президент Николас Тачард айтганига қараганда, турли смартфонсозлар лабораторияга бир неча бор смартфонларни «буюртмага кўра» тестдан ўтказишни таклиф этишган. «Лекин мутахассисларимиз ҳамиша бунақа таклифларни рад этиб келишади, чунки ҳамиша фақат ишончли натижаларни эълон қилишга интилишади».

Юқоридаги даъво қанчалик тўғри эканини билмадик, лекин яқиндагина бир қизиқ маълумотни эълон қилгандик. Яъни, овоз янграш сифати бўйича ўтказилган «кўр-кўрона» тест ғолиби Google Pixel 4 XL бўлиб чиққан. Ҳолбуки, DxOMark сервисининг овоз сифати бўйича рейтингида бу смартфон атиги бешинчи ўринни олган эди!

ЎҚИНГ: Энг қиммат айфон ҳам DxOMark рейтингида Apple’ни шарманда қилди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!